“ЦУМ”нинг эгаси Анвар Габбазов Коля Қирғизга алоқадорликда айбланиб, қидирувга берилди

Олам

image

Қирғизистонлик таниқли тадбиркор, Марказий универмаг (ЦУМ) раҳбари Анвар Габбазов (ҳозирги Маметов) халқаро қидирувга берилди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази хабар берди. 

Унга кўра, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Қамчибек Асанбек (Қамчи Кўлбоев – Коля Қирғиз) ва уюшган жиноий гуруҳларни молиялаштирган якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўзғатилган жиноий даромадларни легаллаштиришга доир жиноят ишини тергов қилиш доирасида Марказий универмаг эгаси Анвар Габбазов Жиноят кодексининг 263-моддаси 1-қисми (уюшган гуруҳлар ва жиноий жамоаларни молиялаштириш)да назарда тутилган жиноятни содир этишда сиртдан айбланган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Анвар Габбазов уюшган жиноий гуруҳлар аъзоларини молиялаштириш, шунингдек, жиноий даромадларни легаллаштириш билан шуғулланганини билдирди. 

Тергов жараёнида у ўзининг ёрдамчиси М.Рамонов орқали Қамчибек Асанбекка (Қўлбоев) зирҳли Mercedes-Benz 222 русумли автомашинани совға қилгани аниқланган. 2020 йил октябрь ойида ушбу машина Қирғизистон Республикасининг собиқ бош вазири Сапар Исаков қамоқдан чиққанидан кейин унга топширилган эди.

Шу билан бирга, жиноят иши доирасида Анвар Габбазов ва Қамчи Кўлбоев ўзига тегишли шахслар билан биргаликда Қора-Ой қишлоғидаги 42 гектарлик ер майдонига эга, 15 миллион АҚШ доллари қийматидаги собиқ “ЗИЛ” пансионати ҳудудини қонунга хилоф равишда эгаллаб олгани ҳақида маълумот келиб тушган. Мулк бошқа шахслар номига расмийлаштирилган. 

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Анвар Габбазовнинг қаердалиги ҳақида маълумотга эга бўлганлардан уни топишда ёрдам сўраган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни қирғизистонлик криминал авторитет Қамчибек Кўлбоев (“Коля Қирғиз”) Бишкекда қўлга олинаётганда мамлакат Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан отиб ўлдирилганди. Шундан сўнг, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Тўқмоқ шаҳрида қўмитанинг янги биноси очилишида қатнашиб, жиноятчиларга қарата “биттаси бош кўтарса, ўша бошни чопиши”ни айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коля Қирғиз Анвар Габбазов Қамчи Кўлбоев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг