Собиқ депутатнинг ўғли “Коля Қирғиз”га алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинди
3-саҳифа
−
29 Ноябрь 2023
6725Қирғизистон Жогорку Кенеш (парламент)ининг собиқ депутати Борис Саннинг ўғли Александр Сан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда қўмита матбуот маркази хабар берди.
Александр Сан уюшган гуруҳлар ва жиноий жамоаларни молиялаш, шунингдек, жиноий даромадларни легаллаштиришда гумон қилинмоқда. У 2024 йил 4 январга қадар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида қолиши маълум қилинди.
“Тергов ва тезкор тадбирлар давомида Турсунтой Салимов (“Иттипак” уйғур диаспораси етакчиси ва Бишкекдаги “Мадина” бозори асосчиси – таҳр.)га тегишли бўлган собиқ болалар боғчаси ҳудудида кўп қаватли премиум тоифали турар жой биноси қуришни режалаштирганлиги аниқланди. Қурилишни бошлаш шартларидан бири қурилиш компаниясининг кафолат ва гаров сифатида қиммат квартира тақдим этиши эди. Кейинчалик, қурилиш учун рухсатномалар олишнинг иложи йўқлиги сабабли шартнома бекор қилинди. Шу билан бирга, Илшат Салимов (Турсунтой Салимовнинг ўғли – таҳр.) Александр Сан ва Қамчи Кўлбоев (Коля Қирғиз) билан тил бириктириб, 2020 йил январь ойида босим ва куч ишлатиш орқали таҳдид қилиш йўли билан қурилиш компаниясига тегишли премиум тоифадаги кўчмас мулкни ноқонуний равишда эгаллаб олган. Кейин Қамчи Кўлбоев ушбу турар жойни Чўлпон-Ота шаҳридаги савдо маркази қуриш учун ер участкасига алмаштирган”, дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.
Қўмитанинг қайд этишича, юқоридаги турар жой Қамчи Кўлбоевнинг уюшган жиноий гуруҳи аъзоларини молиялаштириш ва жиноий даромадларни легаллаштириш билан шуғулланган Александр Сан номига расмийлаштирилган.
Шу билан бирга, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига Сан оиласининг умумий қиймати 80 миллион доллар бўлган 59 та қимматбаҳо кўчмас мулки, жумладан, тижорат мулки борлиги ҳақида маълумотлар келиб тушган. Хусусан, Бишкекда – умумий майдони 61 минг 918 квадрат метр, қиймати 50 миллион доллар бўлган кўчмас мулк, шу жумладан, ҳозирда қурилиши давом этаётган 20 минг 800 квадрат метр майдонга эга собиқ “Sun City” мажмуаси, Иссиқкўл вилоятида “Коля Қирғиз”нинг коттежлари ёнида жойлашган “Оқ-Марал” ташкилотининг коттежлари, шунингдек, умумий майдони 12,9 гектар бўлган 15 миллион долларлик кўчмас мулк объектлари, Чуй вилоятида – умумий майдони 20,1 гектар бўлган 15 миллион долларлик ер участкалари аниқланган.
Шунингдек, Сан оиласи қурилиш, умумий овқатланиш, меҳмонхона бизнеси ҳамда улгуржи ва чакана савдо йўналишларида 11 та МЧЖ ҳаммуассиси экани ҳамда уларнинг Қирғизистондан ташқарида ҳам корхоналари борлиги аниқланган.
“Ҳозирда Қамчи Кўлбоевнинг уюшган жиноий гуруҳига алоқадор бўлган қўшимча шахсларни, шунингдек, жиноий йўл билан қўлга киритилган мол-мулкни аниқлаш бўйича тергов-тезкор тадбирлари ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қирғизистон юнон-рум кураши федерацияси вице-президенти Аҳрор Иминов, “Иттипак” уйғур диаспораси етакчиси ва Бишкекдаги “Мадина” бозори асосчиси Турсунтой Салимов “Коля Қирғиз”га алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинганди. Турсунтой Салимовнинг ўғли Илшат эса қидирувга берилганди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев эса Қирғизистонда 2026 йилгача “вор в законе”ларни “қириб ташлаш”ни ваъда қилганди.
LiveБарчаси