Мен шу ердаман. Биз қуролларни ташламаймиз – Зеленский халқига мурожаат қилди (видео)
Олам
−
26 Февраль 2022
15996Бугун, 26 февраль куни Украина Президенти Владимир Зеленский Киевда эканлигини ва яширинмаганини маълум қилди. Бу ҳақда у украиналикларга йўллаган видеомурожаатида айтиб ўтган.
Зеленский ижтимоий тармоқларда уни бункерга яшириниб, олгани ҳақида хабарлар тарқалаётганига муносабат билдирган.
“Хайрли тонг, украиналиклар ижтимоий тармоқда жуда кўп сохта маълумотлар пайдо бўлди. Мен шу ердаман. Биз қуролларни ташламаймиз, давлатимизни ҳимоя қиламиз. Бу бизнинг еримиз, юртимиз, фарзандларимиздир. Биз эса уларнинг барчасини ҳимоя қиламиз”, дейди Зеленский.
Аввалроқ, CNN телеканали Россия қўшинлари Киевга яқинлашаётган бир вақтда Владимир Зеленский бункерга олиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқатганди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь