Медведев Украинага қўйилган “ультиматум”лар ҳали “ҳолва” эканини айтди

Олам

image

Россия Федерациясининг Украина бўйича ҳозирги музокара позицияси Киев режимини бутунлай таслим қилиш бўйича келажакдаги талаблар олдида “болалар учун чигилёзди машқи”дан бошқа нарса эмас. Бу ҳақда бугун, 12 сентябрь куни Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев ўзининг Telegram’даги каналида маълум қилди.

У Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг ультиматум қўйганлар билан мулоқот ўтказишдан бош тортганига эътибор қаратган.

“Ҳозирги “ультиматумлар” келажакдаги талаблар олдидан болалар чигалёздиси. Ва у буни билади: Россия шартларига кўра Киев режимининг тўлиқ таслим бўлиши”, деб огоҳлантирган Медведев.

Аввалроқ Зеленский CNN телеканалига берган интервьюсида ҳозир Москва билан музокарага тайёр эмаслигини айтганди.

“Бу менинг принципим, мен ультиматум қўйганлар билан гаплашмайман”, деган у.

Унинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси конструктив тарзда музокаралар олиб бориш истагида эмас. Зеленский “охиригача курашадими” деган саволга ҳам ижобий жавоб берди ва икки давлат ўртасида келишув Россия Украина ҳудудини тарк этганидан кейин тузилиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, 10 сентябрь куни кечга бориб Президент Зеленский ой бошидан бери Украина Қуролли Кучлари мамлакатнинг Россия босқини остида қолаётган 2000 километрга яқин қисмини озод қилганини айтганди. Кейинроқ Харьков вилоятидаги Василенково ва Артемовка аҳоли пунктлари рус босқинчиларидан тозалангани айтилди

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг