Матвиенко Россия-Украина уруши тугагандан кейин дунё қандай бўлишини очиқлади

Олам 15549
image

Россияда Украинадаги “махсус ҳарбий операцияда” ғалаба қозониш учун етарли ресурслар бор. Бу ҳақда бугун, 1 сентябрь куни Россия Федерацияси кенгаши спикери Валентина Матвиенко кенгаш веб-сайтидаги блогида эълон қилинган мақоласида ёзган. 

“Шубҳасиз, бизда ғалаба қозониш учун етарли ресурслар – нафақат моддий ресурслар, балки интеллектуал, маънавий ресурслар ҳам бор. Мана, олти ой ўтиб, мамлакатимиз бошига келаётган таҳдидлар қанчалик катта экани аён бўлди. “Махсус ҳарбий операция” ўтказиш қарори ўз вақтида қабул қилинган экан", дейди сиёсатчи.

Унинг сўзларига кўра, жанг майдонида рус ҳарбийлари нафақат Украина Қуролли кучлари, нацист батальонлари, балки Ғарб, НАТО билан ҳам тўқнаш келмоқда.

"Операция натижалари нафақат мамлакатимизнинг яхлит, суверен ҳамда кучли давлат эканини, балки у тугаганидан кейин дунё қандай бўлишини ҳам белгилайди. Ёки давлатлар ўртасида тенглик, ҳамкорлик, халқаро муносабатларда адолат бўлади, ёки АҚШ ва унинг иттифоқчилари ўзларининг глобал гегемонлигини ўрнатади”, дея қўшимча қилган Матвиенко.

Федерация кенгаши спикерига кўра, Россия Қуролли кучлари энг замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган ва россиялик ҳарбий хизматчилар инсонпарварлик руҳида ҳаракат қилмоқда. 

"Улар тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланмайди, шаҳар блокларини ўққа тутмайди, ижтимоий ва коммунал инфратузилмани вайрон қилмайди. Улар ҳарбий асирларга қарши қатағон билан қоралангани йўқ", дейди у.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 99
Рейтинг: 3.1
t
×