“Маскалилар”нинг хурмача қилиғи, “Барса”га ўтиши айтилаётган Роналду, қулаган Хитой девори... Бугун нималар бўлди?

Таҳлил

image
Бугун, 10 январь Ўзбекистон ва халқаро майдонда қатор муҳим воқеалар содир бўлди. Ниҳоясига етаётган куннинг энг муҳим воқеалари қисқача тафсилоти билан танишинг.

Жамият 

Навоийда “маскалилар” фуқароларни калтаклади

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятида маска таққан шахслар маҳаллий аҳолини ургани ҳақида видео тарқалди. Навоий вилоят ИИБ мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 7 январь куни Қизилтепа туман ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабар асосида туман ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Натижада 7 январь куни соат 08:00 ларда Қизилтепа тумани Тўдакўл сув ҳавзасида фаолият олиб борувчи “Golden like fish” МЧЖга тегишли балиқчилик базасида ушбу корхонада ўзаро шартномада кўрсатилган тартибда, яъни қора рангли либослар кийиб юзларига ниқоб таққан ҳолда қўлларида резина таёқлар билан хизмат олиб бораётган назоратчи инспекторлар ҳамда Тўдакўл сув ҳавзасида балиқ овлаш билан шуғулланиб келувчи овчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик юзага келгани аниқланган. Ушбу келишмовчилик назоратчи инспекторлар овчиларни ичкарига киришлари учун паспорт нусхаси талаб қилгани ва қора рангли либослар кийиб юзларига ниқоб таққан ҳолда қўлларида резина таёқлар билан хизмат олиб боргани сабаб юз берган. Ушбу ҳолатдан “Golden like fish” МЧЖга келган балиқчилар норози бўлиб, ушбу ёлланма ишчиларнинг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилиб, жамоат тартибини бузган.

10 кун аввалги видеога Наманган ИИБ муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида тунда мингга яқин фуқаролар йўлни тўсиб ҳаракатлангани акс этган видеолавҳа тарқалди. Аҳамиятлиси 10 кун аввалги видео худди энди бўлган ҳолатдек тарқатилди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди. 

Қайд этилишича, ушбу ҳодиса ўтган йилнинг 31 декабрь куни байрам тадбирлари муносабати билан Наманган шаҳрининг “Афсоналар водийси” истироҳат боғида содир бўлган. Аниқланишича, вилоятнинг барча туманларидан  келган 1000 га яқин фуқаролар истироҳат боғига ўрнатилган арча атрофида тўпланишган.

Ўзбекистонда карантин қоидалари кучайтирилмоқда

Ўзбекистонда жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш устидан назорат кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги Матбуот котиби Навруз Ашурматов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 15 январидан бошлаб, хорижий давлатлардан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчилар келишидан камида 48 соат олдин топширилган коронавирус инфекциясига ПЗР тест натижаси бўйича манфий кўрсаткичли маълумотга эга бўлиши лозим. 

ОТМлар таътилдан кейин онлайн таълимга ўтадими?

Олий таълим муассасаларида узайтирилган қишки таътилдан сўнг ўқиш онлайн таълимга ўтказилмайди. Жорий йилнинг 11 январидан бошланиши керак бўлган сессиялар ҳам таътилдан кейин, анъанавий равишда бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 10 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов маълум қилди.

“Онлайн тизимга ўтиш бўйича махсус комиссия бор. Комиссиянинг қарори қандай бўлса, барча таълим ташкилотлари шу қарор бўйича иш юритади. Бугунги кунда онлайн тизимга ўтиш назарда тутилмаган”, дейди масъул.

Қонунчилик жарима дейди, масъул тушунтириш. “Маска”сизлар жаримага тортиладими?

Ўзбекистонда ниқобсиз юрган фуқаролар жаримага тортилмайди. Бу ҳақда бугун, 10 январь куни мамлакатга “omicron” кириб келиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Таъкидланишича, агар кўча-куйда кимдир ниқобсиз юрган бўлса, Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари унга фақат тушунтириш беради.

“Миллий гвардия ходимларига кеча топшириқ берилди, улар кўчада ниқобсиз юрган фуқароларга биринчидан тушунтириш, фақатгина тушунтириш бериш керак”, деди масъул.

Олам

КХШТ навбатдан ташқари саммити

Бугун, 10 январь куни Қозоғистон талабига кўра, КХШТнинг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Унда Беларусь Президенти Александр Лукашенко Қозоғистонда юз берган тартибсизликлардан биринчилардан бўлиб Ўзбекистон хулоса чиқариши кераклигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Қозоғистондаги экстремистлар нигоҳи ҳозирда Ўзбекистонга қаратилганини ҳам қўшимча қилди. 

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатдаги тартибсизликлар давлат тўнтаришига уриниш эканлигини айтиб ўтди.

Россия Президенти Владимир Путин эса Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг тинчликпарвар контингенти Қозоғистонда бўлиш муддати чкланган. Контингент вазифаларини бажаргандан сўнг, мамлакатдан олиб чиқиб кетилишини маълум қилди.

Назарбоевнинг қизи Британия фуқаролигини олиш учун қаср харид қилган

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоева Буюк Британия фуқаролигини олиш мақсадида мамлакатдан 300 миллион доллар олиб чиқиб кетган ва Лондондан уй сотиб олган. Бу ҳақда “The Sunday Telegraph” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоева 2006 йилда Британия фуқаролигини олиш ниятида Лондон шимолидан сарой сотиб олган. “The Sunday Telegraph” нашрининг аниқлик киритишича, ушбу харид 41 ёшли Алия Назарбоеванинг республикадан 300 миллион доллар олиб чиқиб кетганидан кейинги энг муҳим харидларидан бирига айланган. Ушбу катта ҳажмдаги ҳаражат Алия Назарбоеванинг қариндоши ва унинг молиявий маслаҳатчилари ўртасида можаро келиб чиққанидан кейин маълум бўлган.

Жапаров таътилга чиқди 

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров қисқа муддатли таътилга чиқди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизматига таяниб хабар берилган.  

“Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 10 январдан бошлаб қисқа муддатли таътилга чиқди”, деган матбуот хизмати вакили. 

Буюк Хитой деворининг бир қисми қулади. Жабрланганлар бор

Жорий йилнинг 8 январь куни Хитойда юз берган 6,9 магнитудали зилзила оқибатида мамлакат шимоли-ғарбидаги Буюк Хитой деворининг икки метрли қисми қулаб тушди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Қайд этилишича, 8 январь куни Цинхай провинциясининг Менюанхуй автоном округида кучли зилзила содир бўлган. Оқибатда қўшни Гансу провинциясидаги Шандан округида Буюк Хитой деворининг икки метрли қисми қулаб тушган. Қулаш зилзила эпицентридан 114 км узоқликда содир бўлган.

“Толибон” ашаддий рақиблари билан музокара ўтказди

Афғонистон Миллий қаршилик фронти етакчилари Аҳмад Масъуд ва Ҳирот вилоятининг собиқ губернатори Муҳаммад Исмоилхон Эрон пойтахти Теҳронда “Толибон”нинг Амирхон Муттақи бошлиқ делегацияси билан учрашди.

“Учрашувда Ислом Амирлиги вакиллари Миллий қаршилик фронти вакиллари бехавотир уйга қайтиши мумкинлигини таъкидлади”, деган толиблар вакили Билол Карими Twitter саҳифасида.

Спорт

Моуриньо мағлубиятда Шомуродовни айблади

“Рома” клуби бош мураббийи Жозе Моуриньо Италия А сериясининг 21-туридан ўрин олган “Ювентус”га (3:4) қарши ўйин натижаси учун Элдор Шомуродовни айблади. 

“70 дақиқа давомида ўйинни тўлиқ назорат қилдик. Жамоа жуда зўр ўйнади. Бироқ 70-дақиқадан сўнг, руҳий жиҳатдан пасайиш рўй берди. Афена-Гьян ажойиб ўйин ўтказаётган эди, унинг ўрнига майдонга тушган футболчи (Элдор Шомуродов) эса ҳаммасини нотўғри бажарди. Биз рақибнинг ҳисобни қисқартиришига имкон бермаслигимиз керак эди. Турин клуби кучли характерга эга жамоа эканлигини яна бир бор исботлай олди”. 

Кутилмаган хабар! Роналду “Барселона”га ўтиши мумкин

“Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Криштиану Роналду жамоани тарк этиши мумкин. Бу ҳақда “Sport.es” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, португалиялик форвард жамоадаги вазиятдан ва “Қизил иблислар” раҳбариятидан норози. Роналду ўзининг агенти Жорже Мендешга агар вазият ўзгармаса, янги жамоа излаш кераклигини айтган. 

Футзал: Ўзбекистон йилнинг энг яхши жамоаси бўлишга даъвогарлик қилмоқда

“Futsalplanet” нашри томонидан ўтказиладиган “Futsalplanet Аwards” маросими олдидан турли номинацияларда 2021 йилнинг энг яхшиларини аниқлаш учун номзодлар эълон қилинди. Унда Ўзбекистон футзал терма жамоаси ва бош мураббий Баҳодир Аҳмедов ҳам ўрин олган. 

Хусусан, дунёнинг энг яхши футзал жамоаси номи учун кучли ўнликда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам қайд этилган. Бундан ташқари, ушбу рўйхатдан Аргентина, Босния-Герцоговина, Эрон, Япония, Қозоғистон, Марокаш, Португалия, Словакия ва Венесуэла терма жамоалари жой олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

148

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг