Навоийда “маскалилар” фуқароларни калтаклади
3-саҳифа
−
10 Январь 2022
41421Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятида маска таққан шахслар маҳаллий аҳолини ургани ҳақида видео тарқалди. Навоий вилоят ИИБ мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 7 январь куни Қизилтепа туман ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабар асосида туман ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Натижада 7 январь куни соат 08:00 ларда Қизилтепа тумани Тўдакўл сув ҳавзасида фаолият олиб борувчи “Golden like fish” МЧЖга тегишли балиқчилик базасида ушбу корхонада ўзаро шартномада кўрсатилган тартибда, яъни қора рангли либослар кийиб юзларига ниқоб таққан ҳолда қўлларида резина таёқлар билан хизмат олиб бораётган назоратчи инспекторлар ҳамда Тўдакўл сув ҳавзасида балиқ овлаш билан шуғулланиб келувчи овчилар ўртасида ўзаро келишмовчилик юзага келгани аниқланган. Ушбу келишмовчилик назоратчи инспекторлар овчиларни ичкарига киришлари учун паспорт нусхаси талаб қилгани ва қора рангли либослар кийиб юзларига ниқоб таққан ҳолда қўлларида резина таёқлар билан хизмат олиб боргани сабаб юз берган. Ушбу ҳолатдан “Golden like fish” МЧЖга келган балиқчилар норози бўлиб, ушбу ёлланма ишчиларнинг хизмат фаолиятига тўсқинлик қилиб, жамоат тартибини бузган.
Таъкидланишича, қора рангли либослар кийиб юзларига ниқоб таққан ҳолда қўлларига резина таёқлар билан хизмат олиб бораётган назоратчи инспекторлар шартнома асосидаги ёлланма фуқаролар, ички ишлар ходими эмас. Уларнинг эгнидаги либоси, вазирлик шеврони ҳамда резина таёқларни қаердан олганлиги юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Шунингдек, фуқаролар ўртасида келиб чиққан келишмовчилик, тартибузарлик ҳаракатларига ҳамда МЧЖ раҳбаряти хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Ҳозирда тартиб бузарлик ҳаракатлари ҳамда юзага келган жанжал ҳолати юзасидан Жиноят кодексиниг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатларига киришилган.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 209-1-моддасига кўра вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юрганлик учун қонунда жавобгарлик белгиланган.
LiveБарчаси