Қонунчилик жарима дейди, масъул тушунтириш. “Маска”сизлар жаримага тортиладими?
Жамият
−
10 Январь 2022
11321Ўзбекистонда ниқобсиз юрган фуқаролар жаримага тортилмайди. Бу ҳақда бугун, 10 январь куни мамлакатга “omicron” кириб келиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, агар кўча-куйда кимдир ниқобсиз юрган бўлса, Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари унга фақат тушунтириш беради.
“Куни кеча Бош вазир иштирокида Махсус комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтди. Айнан шу комиссия мажлисида Ички ишлар Миллий гвардия ходимларига жамоат жойларида ҳар бир фуқаро билан тушунтириш ишлари олиб бориши, фуқаролар билан чиройли муомалада бўлиб, ниқоб тақмаган фуқароларга биринчи навбатда вазиятни тушунтириш кераклиги айтилди. Шу билан бирга ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларига керакли миқдорда ниқоблар берилган. Иш давомида ниқобсиз фуқароларнинг барчасига ниқоб тарқатиш ҳам айтилган. Ҳеч қандай “штраф” деган гап йўқ”, деди масъул.
Шунингдек, ИИО ва Миллий гвардия ходимлари етарли миқдорда ниқоб билан таъминланади ва ўз навбатида улар ниқобсиз юрган фуқароларга беради.
Шу ўринда қайд этиш керакки, Маъмурий жавобгарик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланган.
Кодексга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда жорий йилнинг 7 январида коронавируснинг “omicron” штаммига чалинган илк бемор аниқланган. Шунингдек, мамлакатда коронавирусга чалиниш бўйича кунлик ҳолатлар сони яна ортган. Хусусан, кеча, 9 январь куни 389 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилиб, жами касалланганлар сони 200730 нафарга етди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь