Масимов терроризм ҳомийлари рўйхатига киритилди
Олам
−
17 Июль 2023
13610Қозоғистон ҳукумати республика Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ)нинг собиқ раиси Карим Масимовни терроризм ва экстремизмни молиялаштириш билан боғлиқ ташкилотлар ва шахслар рўйхатига киритди. Бу ҳақда “Inform buro” ахборот портали хабар берди.
Айтилишича, рўйхатда Масимовнинг собиқ ўринбосарлари – Ануар Садиқулов ва Даулет Ергожин ҳам бор. Молиявий мониторинг агентлиги томонидан юритиладиган мазкур рўйхатга улар 1 июль куни киритилган.
“Жисмоний шахсни терроризм ва экстремизмни молиялаштириш билан боғлиқ ташкилотлар ва шахслар рўйхатига киритиш учун Қозоғистон Республикаси судининг жисмоний шахсни экстремистик ёки террористик жиноятларни амалга оширишда айбдор деб топиш тўғрисидаги қонуний кучга кирган ҳукми асос бўлади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, жорий йилнинг 24 апрель куни Остона шаҳар жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди Масимовни 18 йилга озодликдан маҳрум қилган. У давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланмоқда. МХҚ раисининг собиқ ўринбосари Ануар Садиқулов ҳам Масимов каби ўша моддалар бўйича 16 йилга озодликдан маҳрум этилган. Яна бир собиқ ўринбосар Даулет Ергожин эса ҳокимиятни мажбуран тортиб олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айблари қўйилган. Шу сабабли у 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бундан ташқари, МХҚ раҳбарининг собиқ ўринбосари Марат Осипов мансаб ваколатини суиистеъмол қилишган деб топилиб, уч йилга озодликдан маҳрум этилган. Шунингдек, у қайта давлат хизматини эгаллай олмайди.
Масимов, Садиқулов, Ергожин ва Осиповлар унвонлари ва давлат мукофотларидан маҳрум қилинган. Суд ушбу ишлар бўйича давлат ҳисобига 10 миллиард тенге (22 миллион доллардан ортиқ) ва 24 миллион доллардан ортиқ маблағ ундирган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг 2022 йил 5 январдаги фармони билан Масимов мамлакатдаги нотинчликлар туфайли МХҚ раиси лавозимидан озод этилган эди. Ўша йилнинг 8 январида МХҚ Масимов давлатга хиёнатда гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь