Ортиқхўжаев атрофидаги гап-сўзлар, хиёнатда айбланган собиқ Президент, арзонга “нархланган” журналистлар... Бугун нималар бўлди?
Жамият
−
12 Ноябрь 2021
40022Жамият
16 февраль воқеалари бўйича оқланган 5 кишининг иши қайта кўриб чиқилади
Аввалроқ 1999 йилда юз берган 16 февраль воқеаларига алоқадор беш киши оқлангани ҳақида хабар берган эдик. Бироқ Тошкент вилояти прокуратураси томонидан келтирилган протест сабаб мазкур шахслар иши қайтадан кўриб чиқиладиган бўлганди.
Кеча, 11 ноябрь куни, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида Ёлқин Тўлаганович Камолов, Муҳаммадзоҳир Набиевич Хўжаев, Иброҳим Шавкатович Юнусов, Бахтиёр Набижанович Бегматов, Искандар Тожибаевич Бўриевга оид жиноят иши Тошкент вилоят прокуратураси томонидан келтирилган протест асосида кўриб чиқилган.
Андижонда ҳоким фуқарони ҳақорат қилди
Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров ва фуқаро ўртасидаги телефон суҳбатининг аудиоёзуви тарқалди. Суҳбат давомида ҳоким фуқарога қўнғироқ қилавермаслигини айтиб, уни ҳақорат қилган. Фуқаро ҳокимдан ижара ҳаққи ва уйини тиклаб беришини талаб қилган.
Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, юқоридаги ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб ҳолат юзасидан дастлабки ўрганиш ишлари амалга оширилган. Ўрганиш ишлари давомида тарқалган аудиоёзув ҳақиқатдан ҳам Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровга тегишли эканлиги ўз тасдиғини топган.
Тижорат банкларида доллар курси кўтарилди
Бугун, 12 ноябрдан Ўзбекистондаги тижорат банкларида АҚШ доллари сотув курси 10785 сўмгача кўтарилди.
Ўз навбатида, тижорат банклари АҚШ долларини 10 680 -10 720 сўмдан сотиб олмоқда.
Маълумот учун, Марказий банк томонидан белгиланган долларнинг расмий курси 12 ноябрдан 10 732,04 сўмни ташкил қилмоқда.
Тошкентда 15 яшар қизни зўрлаган ўқитувчи ва икки дўсти қамалди
Аввалроқ, Тошкет шаҳри Миробод туманида жисмоний тарбия ўқитувчиси икки дўсти билан 15 ёшли ўқувчисини зўрлагани ҳақида хабар бергандик.
Жорий йилнинг 27 апрель куни 30 ёшли жисмоний тарбия ўқитувчиси Анвар Х., кейинчалик эса унинг икки нафар таниши – Мансуржон М. ва Боймуҳаммад Г. 15 ёшли 8-синф ўқувчисига жинсий тажовуз қилганди.
Мазкур ҳолат юзасидан очилган жиноят иши судда кўриб чиқилди. Суд ҳукмига мувофиқ ўқитувчи 4 йилга, дўстлари эса 2 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Зангиотада ИИБ ходимлари фуқарони калтаклагани айтилмоқда
Ижтимоий тармоқларда Зангиота тумани ИИБ ходимлари томонидан фуқарога тан жароҳати етказилганлиги тўғрисида хабарлар тарқалмоқда. Унда эркак ИИБ ходимлари уни 6 соат давомида яланғоч ҳолда совуқда сақлашганини ҳам айтган. Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 11 ноябрь куни кечки соат 20:00 ларда Зангиота тумани, “Рамадон” маҳалла фуқаролар йиғини, Марказий кўчасида яшовчи фуқаро У.Х. (она) мурожаат қилиб, ўғли, ишсиз, 1974 йилда туғилган У.М. мунтазам равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилишини, айни вақтда уйда жанжал қилиб, онаси ва яқинларига тазйиқ ўтказаётганини айтиб, ёрдам сўраган.
Шерзод Қудратхўжа 25 ва 5 йил олдинги ОАВни гумма билан стейкка ўхшатди
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзод Қудратхўжа Каримов ва Мирзиёев давридаги сўз ва матбуот эркинлиги, одамларнинг унга бўлган муносабатини гумма ва стейкка ўхшатди. Унинг фикрича, гумма еб юрган одамлар стейкни қабул қилиши жуда қийин.
Ортиқхўжаевнинг ҳоким лавозимидан олингани ҳақида гаплар тарқалди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилгании ҳақида хабарлар тарқалди.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, пойтахтга амалдаги Бандлик ва меҳнат вазири Нозим Ҳусанов ҳоким этиб, тайинланиши мумкин.
Мазкур хабарларга изоҳ олиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати билан боғланганимизда, улар бу маълумотни тасдиқламади.
Журналистга таҳдиднинг нархи 540 минг сўмми? ОАВга босим бўйича қонун ими-жимида қабул қилинмаслиги керак
Ўзбекистонда журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва унга босим ўтказганлик учун жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда. QALAMPIR.UZ’га маълум бўлишича, бу борада Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тарафидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган ва Ҳукуматга тақдим этилган.
Унга кўра, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва журналистнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки тўсқинлик қилиш, шу жумладан давлат органлари ва давлат муассасалари, давлат иштирокидаги ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари томонидан цензура қилганлик, сўровига давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни истисно этган ҳолда ахборотни (материалларни) қонунда белгиланган муддат ва тартибда тақдим этмаслик ёхуд била туриб ёлғон ахборот (материаллар) тақдим этганлик, – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача (!) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиши кутилаётган ўзгартиришга кўра, Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва журналистнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳолат аниқлангудек бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома кўриб чиқиш учун ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда судга юборилади.
“Юқоридаги қонун лойиҳаси кулгили эмасми? Неча йиллардан буён мансабдорларнинг оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан босим ва тазйиқлари ортиб бораётгани, улар биргина узр билан қутилиб кетаётгани ва хурмача қилиқларини давом эттириб келаётгани ҳақида бонг уриляпти. Қонунни ишлаб чиққан амалдорлар иссиқ идорасида чой хўплаб ўтирган бир вақтда журналист тазйиққа учраяпти, қўлидан камераси тортиб олиняпти, кўчанинг ўртасида тутиб, ҳуқуқ-тартибот идорасига ноқонуний равишда олиб кетиляпти. Буларнинг бадалини тўлаш шунча арзонми? Ҳозир Ўзбекистонда базавий ҳисоблаш миқдорининг 270 минг сўмлигини инобатга олсак, қонун қабул қилингач ҳам журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлар бор-йўғи 540 минг сўм, боринг ана, 4 миллион сўм билан қутилиб қолаверади. Сиз қураётган демократик жамиятда журналистнинг, адолатнинг нархи шуми?”, дея қайд этди журналист Қамариддин Шайхов.
Олам
Туркий кенгаш саммити Президент ва Бош вазир суд қилинган оролда ўтказилади
Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг навбатдаги саммити Истанбул шаҳри яқинида, Мармара денгизининг ўртасида жойлашган собиқ Ясси орол, ҳозирги Демократия ва мустақиллик оролида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳам қатнашади.
Гап шундаки, ушбу орол Туркия тарихида муҳим аҳамиятга эга. Оролда 1950 йиллан 1960 йилгача мамлакатни бошқарган Президент Жалол Баяр, Бош вазир Аднан Мендерес, Ташқи ишлар вазири Фатин Рушту Зўрлу, Молия вазири Ҳасан Пўлаткан суд қилинган. Улар 1960 йилнинг 27 май куни ҳарбийлар томонидан амалга оширилган давлат тўнтаришидан сўнг, ушбу оролга олиб келинган ва то 1961 йилнинг сентябрь ойигача шу ерда сақланган.
АҚШ ва иттифоқчилари инқироз чиқарган Беларусга “кучли” жавоб билан таҳдид қилди
Эстония, Франция, Ирландия, Норвегия, Буюк Британия ва АҚШ, шунингдек уларга қўшилган Албания Беларусь ҳукуматини қўшни давлатлардаги вазиятни беқарорлаштириш учун муҳожирлардан сунъий равишда фойдаланаётганликда айблади. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги ёпиқ маслаҳатлашувлар якунлари бўйича давлатларнинг тегишли баёнотига таяниб хабар берилган. Баёнотни Эстониянинг доимий вакили Свен Юргенсон ўқиб эшиттирган.
Таъкидланишича, мамлакатлар гуруҳи “Беларусни ҳаёти ва фаровонлиги таҳдид остида бўлган одамлардан сиёсий мақсадларда фойдаланишда ва Европа Иттифоқининг ташқи чегарасида қўшни давлатларни беқарорлаштиришда айблади”.
“Толибон” ИШИД жангариларини ҳибсга олмаяпти – собиқ вице-президент
Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати ИШИД террорчилик гуруҳи жангариларини эмас, балки собиқ афғон армияси ҳарбий хизматчиларини ҳибсга олмоқда. Бу ҳақда Афғонистоннинг собиқ вице-президенти Амрулла Солиҳ маълум қилди.
“Толибон”нинг “Хуросондаги Исломий давлат”нинг юзлаб жангарилари ҳибсда эканлиги ҳақидаги баёноти ҳақиқатга тўғри келмайди”, деган сиёсатчи.
Унинг сўзларига кўра, қўлга олинганлар орасида “Афғонистон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари ҳарбий хизматчилари, ҳуқуқ фаоллари ва “Толибон” ҳаракатидан рози бўлмаган афғонлар” бор.
Эрта туғилиш бўйича дунё рекорди янгиланди
АҚШнинг Алабама штатида ҳомиладорликнинг 21-ҳафтаси 1-кунида туғилган Кертис Минс тарихдаги энг эрта туғилган чақалоқ расман тан олинди. Ўтган йили туғилган чақалоқ бир ёшу тўрт ойлик бўлганида Гиннеснинг рекордлари китобига киритилди.
Одатда ҳомиладорлик 40 ҳафта давом этади, аммо Кертис ва унинг синглиси Касиа деярли ушбу муддатнинг ярмида туғилган. Шу сабаб Кертиснинг яшаб кетиши эҳтимоли 1 фоиз дея баҳоланган ва у яшаб кетган. Касиа эса туғилгандан кейин бор-йўғи 1 кун яшаган.
Порошенко давлатга хиёнатда гумонланмоқда
Украина Хавфсизлик хизмати собиқ Президент Пётр Порошенко ва Миллий банк собиқ раҳбари Валерия Гонтареванинг Донбассда кўмир сотиб олишда давлатга хиёнат қилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни ўрганмоқда.
“Шундай эҳтимол текширилмоқда”, деган Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Иван Баканов “Украинские новости” агентлигига.
УХХ октябрь ойи бошида “Мухолифат платформаси – ҳаёт учун” партияси сиёсий кенгаши раҳбари Виктор Медведчукнинг давлатга хиёнатда айбдор эканини исботловчи суҳбатлари ёзувларини эълон қилди. Суҳбатларда Порошенконинг исм-фамилияси, кейин эса чеклар пайдо бўлган.
Спорт
Бош вазир Арипов “Бавария” мухлиси экани маълум бўлди
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация Германияда бўлиб турибди.
Кеча, 11 ноябрь куни Германиянинг Бавария федерал ўлкаси Бош вазири Маркус Зёдер Instagram саҳифасига Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан биргаликда Мюнхеннинг “Бавария” футбол клуби либосини ушлаб тургани акс этган суратни жойлаштирди.
“Марказий Осиёдан Баварияга халқаро ташриф: Ўзбекистон Бош вазири ва “Бавария” жамоаси мухлиси ҳисобланган Абдулла Арипов билан суҳбат. Бавария алоқаларни яхши йўлга қўйган. Ўзбекистон ишончли халқаро ҳамкордир. Ушбу мамлакат Афғонистондан аҳолини эвакуация қилиш пайтида Бундесверни қўллаб-қувватлади”, дея ёзиб қолдирган Зёдер.
Асосий вазифа самбони Олимпия ўйинлари дастурига киритиш – Шестаков
Ўзбекистон коронавирус шароитида самбо бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишга розилик билдириб, масъулиятни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда Халқаро самбо федерацияси (FIAS) президенти Василий Шестаков Жаҳон чемпионати бошланиши олдидан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Коронавирус сабаб мезбон ЖЧни қабул қила олмади. Алишер Алимов бошчилигидаги Ўзбекистон самбо ассоциацияси эса бундай вазиятда масъулиятни ўз зиммасига олди. Бунинг учун Ўзбекистонга раҳмат айтаман. Масофа узоқлигига қарамай, Доминикан Республикаси, Тринидад ва Тобаго, Венесуэла, Коста-Рика, АҚШ терма жамоалари Ўзбекистонда бўлаётган Жаҳон чемпионатида қатнашишмоқда. Коронавирус билан боғлиқ чекловлар турли мамлакатларда бошқача. Баъзи давлатларда заллар ҳам ишламаяпти. Лекин самбо спорти Панамерикада ҳам ривожланиб бораётганини эътироф этишимиз лозим”, дейди Шестаков.
Самбо бўйича ЖЧда Ўзбекистон нечта медаль қўлга кирита олади? Сўз Алишер Алимовга
Жорий йилнинг 12-14 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида самбо бўйича Жаҳон чемпионати ўтказилади. Унда Роман Шакиров мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ таркибда иштирок этади. FIAS’нинг Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинганидан кейинги илк дунё биринчилигида ўзбекистонлик спортчилар нечта медаль қўлга кирита олади?
“Ҳар бир ассоциация, федерация, спортчи ва мураббийнинг олий мақсади бўлади. Шу қаторда Ўзбекистон самбо терма жамоаси ҳам ушбу Жаҳон чемпионатига жиддий ҳозирлик кўрди. Бунинг учун ўқув машғулот йиғинлари ўтказилди. Биз максимал даражада юқори поғоналарни қўлга киритмоқчимиз. Самбо бўйича Ўзбекистон катталар терма жамоаси жаҳон рейтингида учинчи ўринни, ёшларимиз эса иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Яқин келажакда натижаларни янада яхшиламоқчимиз. Таҳмин қилишни ёқтирмайман, барчаси якунда ҳал бўлади. Давлатимиз туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси томонидан керакли шароитлар яратиб берилди. Мақсадимиз максимал даражада кўпроқ медаль қўлга киритишдан иборат”, дейди Алимов.
LiveБарчаси