Андижонда ҳоким фуқарони ҳақорат қилди

Жамият 7060
image

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров ва фуқаро ўртасидаги телефон суҳбатининг аудиоёзуви тарқалди. Суҳбат давомида ҳоким фуқарога қўнғироқ қилавермаслигини айтиб, уни ҳақорат қилган. Фуқаро ҳокимдан ижара ҳаққи ва уйини тиклаб беришини талаб қилган.

Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, юқоридаги ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб ҳолат юзасидан дастлабки ўрганиш ишлари амалга оширилган. Ўрганиш ишлари давомида тарқалган аудиоёзув ҳақиқатдан ҳам Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровга тегишли эканлиги ўз тасдиғини топган.

Шунингдек, фуқаро томонидан айтилаётган ижара ҳаққи ва уйини тиклаш тўғрисидаги ҳолат юзасидан ўрганишлар давомида фуқаро О.Н. истиқомат қиладиган А. Навоий шох кўчаси 57-сонли икки қаватли уйи сносга тушганлиги, ҳозирги кунда “Султон хаус” МЧЖ қурилиш фирмаси томонидан шу жойга кўп қаватли уй-жой мажмуасини қурилиш ишлари олиб борилаётгани сабабли фуқаро О.Н. ижарага чиқарилиб, унга ижара пуллари доимий равишда тўлаб келинаётгани аниқланган.

Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, фуқаро О.Н. Андижон шаҳар ҳокимига доимий равишда (куну-тун) 10-15 маротабадан телефон қўнғироқларини амалга ошириб, 2-хонали 52 кв метрдан иборат бўлган хона жойига “Султон хаус” МЧЖдан шаҳар марказидан 400 кв.метрдан иборат бўлган уй-жой ва Gentra автомобили ундириб беришни айтиб, шаҳар ҳокимини доимий обрўсизлантириб келган.

“Ваҳоланки фуқаро О.Н.нинг ушбу хонадонга нисбатан уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқи мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Аслида эса уй-жой онасининг номида эканлиги ва “Султон хаус” МЧЖ қурилиш фирмаси ҳамда фуқаро О.Н.нинг онаси ўртасида ўзаро келишган ҳолда янги қурилаётган уй-жойдан хонадон ажратиб бериш ҳақида келишувга эришилган”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Таъкидланишича, бугунги кун ҳолатига фуқаро О.Н.нинг онаси (уйнинг асл эгаси)га ижара учун тўланиши лозим бўлган пуллар тўлалигича тўлаб берилган.

Андижон вилояти ҳокимлиги Баҳромжон Ҳайдаров фуқаро билан мулоқоти давомида уни ҳақорат қилганига алоҳида ҳуқуқий баҳо берилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 264
Рейтинг: 3.1
t
×