Шерзод Қудратхўжа 25 ва 5 йил олдинги ОАВни гумма билан стейкка ўхшатди

Жамият

image

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзод Қудратхўжа Каримов ва Мирзиёев давридаги сўз ва матбуот эркинлиги, одамларнинг унга бўлган муносабатини гумма ва стейкка ўхшатди. Унинг фикрича, гумма еб юрган одамлар стейкни қабул қилиши жуда қийин. Бу ҳақда у жорий йилнинг 10 ноябрь куни Тошкентдаги Миллий матбуот марказида “Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар мамлакат тараққиётига хизмат қилади” мавзусида ўтган анжуманда гапирди.

"Ит 25 йил занжирда турса-ю, кейин қўйиб юборилса, қанчадир муддат нима бўлганини ўзи ҳам тушунмайди. Қопади, югуради. Албатта, бу маданиятга боғлиқ. Бизда ҳам журналистларга, тасвирчиларга мана шундай муомала қилиниши маданият ва сўз эркинлиги йўқлигининг натижаси ва оқибатидир. Бу жараёнлар бирданига содир бўлмайди. Мен бу масалада иккита йўлни кўраман. Тўғри, биз  бу ҳақда кўп гапирдик. Парламентимиз билан сайлов пайти сайлов кодекси бўйича ишладик. Ҳозир бошқарма ва солиқ кодекси бор. Масс медианинг ҳам фаолиятини белгилайдиган битта ва ягона ахборот кодекси бўлиши керак.  Ҳозир масс медиада 10 дан ортиқ қонун бор, кўплари 1992-1998 йиллар, эски даврларда эскилик қолипи бўйича тузилган. Эски нарсани чиқариб ташлашимиз керак.
 
Масалан, ҳозир Сайлов кодексида ҳамма нарса тушунарли.  Мен ўзим Марказий сайлов комиссиясида 1998 йилдан буён ишлайман. Илгари 10 та қонунни ўқишимиз керак эди ва бу биз учун жуда оғир бўларди. Ҳозир эса, битта кодексда ўқилади ва ҳаммаси тушунарли", дейди ректор.

Шерзодхон Қудратхўжа ўз нутқи давомида бугун медиа соҳасида судьяларнинг ҳам малакаси етишмаётганини таъкидлади.

"Иккинчи йўл-судлашиш. Бу ҳуқуқни ҳеч ким биздан олиб қўймайди. Ўша ҳолат [журналистнинг фаолиятига нисбатан тўсқинлик] бўлдими, судга бериш керак. Медиа соҳасида  ҳали судьяларнинг ҳам малакаси етишмайди. Жиноий ишни тушунади, маъмурийни тушунади, аммо медиа соҳасида маслаҳат бера оладиган адвокат йўқ. Адвокатларни юридик университет тайёрлаши керак", дейди у.

Шерзодхон Қудратхўжа сўзида давом этар экан,  25 йил мобайнида бошқа бир муҳитда яшаб келган инсонларнинг медиа саводхонлиги ва дунёқарашини бир кунда ўзгартириб бўлмаслиги, ривожланиш учун бироз вақт кераклигига тўхталди:

"Биз 25 йил жаннатдан хабарларнинг оқибатида яшадик. Ҳозир бирданига ҳуқуқий майдон! Инсонларнинг дунёқараши, медиа саводхонлигини [бирданига] ошира олмаймиз ва ҳеч нарса бирданига бўлмайди. Қўпол қилиб айтганда, ёшлигимизда "Тўрт тийинлик гумма", дер эдик. Шу тўрт тийинлик гуммани бутун умр еб келаётган одамга чиройли ангус гўштидан стейк тайёрлаб берсангиз, олдига табаско, моцарелла пишлоғидан қўйсангиз, "Нима бердинг? Менга шу перашкамнинг ўзи ҳам ёқади", дея жавоб беради. Мен шуни айтмоқчиманки, бу масала  ҳам секин-секин ечим топади”.

Қудратхўжа сўзини якунлаб Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиевга юзланиб, тезроқ медиа амбудсман тизимини йўлга қўйиш, шунингдек мавжуд қонунларни бир кодексга бирлаштириш вақти келганини урғулади.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Қудратхўжа Каримов ва Мирзиёев

Баҳолаганлар

119

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар