Асосий вазифа самбони Олимпия ўйинлари дастурига киритиш – Шестаков

Спорт

image

Ўзбекистон коронавирус шароитида самбо бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилишга розилик билдириб, масъулиятни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда Халқаро самбо федерацияси (FIAS) президенти Василий Шестаков Жаҳон чемпионати бошланиши олдидан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

“Коронавирус сабаб мезбон ЖЧни қабул қила олмади. Алишер Алимов бошчилигидаги Ўзбекистон самбо ассоциацияси эса бундай вазиятда масъулиятни ўз зиммасига олди. Бунинг учун Ўзбекистонга раҳмат айтаман. Масофа узоқлигига қарамай, Доминикан Республикаси, Тринидад ва Тобаго, Венесуэла, Коста-Рика, АҚШ терма жамоалари Ўзбекистонда бўлаётган Жаҳон чемпионатида қатнашишмоқда. Коронавирус билан боғлиқ чекловлар турли мамлакатларда бошқача. Баъзи давлатларда заллар ҳам ишламаяпти. Лекин самбо спорти Панамерикада ҳам ривожланиб бораётганини эътироф этишимиз лозим”, дейди Шестаков.

Шунингдек, FIAS президенти самбони Олимпиада дастурига киритиш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, шундай деди:

“Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинганимиздан сўнг, биз бунга ишонишни бошладик. Париждаги Олимпия ўйинларида кўргазмали чиқишни амалга оширмоқчимиз. Самбони ривожлантириш йўлида АҚШ билан ҳам ҳамкорлик қиляпмиз. Бизнинг машҳур самбо элчиларимиз бор. Халқаро Олимпия қўмитаси билан тил топишган ҳолда Олимпия ўйинлари дастурига киришга ҳаракат қиламиз. ХОҚ мусобақани қандай ўтказишимизни кузатиб туради”.

Тадбирда Шестаковдан ташқари Осиё самбо уюшмаси президенти Аламжон Муллаев, минтақавий федерациялар раҳбарлари ва Ўзбекистон самбо ассоциацияси раиси Алишер Алимов иштирок этди. Таъкидлаш жоиз, жорий йилнинг июль ойида FIAS Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинганидан сўнг, Жаҳон чемпионати илк маротаба ташкил этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Роман Шакиров мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ушбу турнирда тўлиқ таркибда иштирок этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳон чемпионати Самбо FIAS Василий Шестаков Аламжон Муллаев

Баҳолаганлар

2

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг