16 февраль воқеалари бўйича оқланган 5 кишининг иши қайта кўриб чиқилади
Жамият
−
12 Ноябрь 2021
9062Аввалроқ 1999 йилда юз берган 16 февраль воқеаларига алоқадор беш киши оқлангани ҳақида хабар берган эдик. Бироқ Тошкент вилояти прокуратураси томонидан келтирилган протест сабаб мазкур шахслар иши қайтадан кўриб чиқиладиган бўлганди.
Кеча, 11 ноябрь куни, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида Ёлқин Тўлаганович Камолов, Муҳаммадзоҳир Набиевич Хўжаев, Иброҳим Шавкатович Юнусов, Бахтиёр Набижанович Бегматов, Искандар Тожибаевич Бўриевга оид жиноят иши Тошкент вилоят прокуратураси томонидан келтирилган протест асосида кўриб чиқилган.
Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 1999 йил 30 июндаги ҳукмига кўра Ёлқин Камолов (1968 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, илгари Тошкент вилояти божхона хизмати “Ғишт кўприк” божхона масканида бош нозир бўлиб ишлаган), Муҳаммадзоҳир Хўжаев (1973 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, илгари Тошкент вилояти божхона хизмати “Ғишт кўприк” божхона масканида бош нозир бўлиб ишлаган), Иброҳим Юнусов (1970 йилда Тошкент вилоятида туғилган, илгари Тошкент вилояти божхона хизмати “Ғишт кўприк” божхона масканида бош нозир бўлиб ишлаган), Бахтиёр Бегматов (1974 йилда Тошкент вилоятида туғилган, илгари Тошкент вилояти божхона хизмати “Ғишт кўприк” божхона масканида бош нозир бўлиб ишлаган) ва Искандар Бўриев (1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, илгари Тошкент вилояти божхона хизмати “Ғишт кўприк” божхона масканида нозир бўлиб ишлаган) га Жиноят кодексининг 208-моддаси билан 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, улар 1999 йил 30 апрелдаги амнистия актига асосан жазодан озод қилинган.
Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 24 июлдаги ажрими билан судланувчиларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан реабилитация қилиниб, жиноят ишининг уларга оид қисми ҳаракатдан тугатилган.
Тошкент вилояти прокуратураси томонидан келтирилган протестда Ёлқин Камолов ва бошқаларга нисбатан чиқарилган Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 24 июлдаги ажримини бекор қилиб, жиноят ишини янгидан шу инстанция судида кўриш учун юбориш масаласи қўйилган.
Судлов ҳайъати ушбу жиноят ишидаги ҳужжатларни таҳлил қилиб, қуйидаги асосларга кўра апелляция инстанцияси судининг ажримини бекор қилишни ва ишни янгитдан кўриш учун шу инстанция судига юборишни, протестни қисман қаноатлантиришни лозим топган.
Жиноят-процессуал кодексининг 348-1-моддаси (йўқолган жиноят ишини ёки унинг материалларини тиклаш) да йўқолган жиноят ишини ёки унинг материалларини тиклаш прокурорнинг қарорига кўра, жиноят иши ёхуд унинг материаллари судда йўқолган тақдирда эса ижро этиш учун прокурорга юбориладиган суд ажримига кўра йўқолган жиноят ишини ёки унинг материалларини тиклаш жиноят иши ҳужжатларининг ушбу Кодексда белгиланган тартибда далиллар деб топилиши мумкин бўлган сақлаб қолинган кўчирма нусхалари бўйича ва процессуал ҳаракатларни бажариш орқали амалга оширилиши назарда тутилган.
“Бундай ҳолатда, Ёлқин Камолов ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят ишини Тошкент вилоят судида кўриб чиққанлик ҳолатини қонуний ва асосли деб бўлмайди”, дейилади Олий суд хабарида.
Шу сабабли, кассация инстанцияси суди Ёлқин Камолов ва бошқаларга нисбатан чиқарилган Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 24 июлдаги ажримини бекор қилиб, ишни янгитдан шу инстанция судида кўриш учун юборишни лозим деб ҳисоблаган.
“Ишни янгитдан апелляция инстанциясида кўришда қайд этилган ҳолатларни синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқиб, қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда қонуний ва асосли қарор қабул қилиниши лозим бўлади”, дея таъкидланган расмий хабарда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг кеча, 11 ноябрдаги ажрими билан Ёлқин Тўлаганович Камолов, Муҳаммадзоҳир Набиевич Хўжаев, Иброҳим Шавкатович Юнусов, Бахтиёр Набижанович Бегматов, Искандар Тожибаевич Бўриевга нисбатан чиқарилган Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 24 июлдаги ажрими бекор қилиниб, иш янгидан шу инстанция судида кўриб чиқиш учун юборилиши белгиланган. Тошкент вилояти прокуратурасининг протести қисман қаноатлантирилган.
LiveБарчаси