Журналистга таҳдиднинг нархи 540 минг сўмми? ОАВга босим бўйича қонун ими-жимида қабул қилинмаслиги керак

Таҳлил

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистонда журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва унга босим ўтказганлик учун жавобгарлик белгиланиши, бу борада қонунга киритилаётган ўзгартириш жорий йил якунигача қабул қилиниши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик. 

Жорий йилнинг 10 ноябрь куни Миллий матбуот марказида ўтган анжуманда Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров уюшма томонидан мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга юборилгани ҳақида айтган эди. Бироқ, QALAMPIR.UZ’га маълум бўлишича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни Ҳукуматга тақдим этишда Журналистлар ижодий уюшмасининг умуман иштироки бўлмаган. Қонун лойиҳаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тарафидан ишлаб чиқилган. 

QALAMPIR.UZ’га шахсий манбаларимиз орқали “Оммавий ахборот воситалари ва журналистнинг касбий фаолияти ҳимоя қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси етиб келди. 

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, №3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 9, 193-модда, № 12, 269-модда; .... № __, __-модда) қуйидаги қўшимчалар киритилиши кутилмоқда.

1977-модда. Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва журналистнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки тўсқинлик қилиш 

Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва журналистнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки тўсқинлик қилиш, шу жумладан давлат органлари ва давлат муассасалари, давлат иштирокидаги ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари томонидан цензура қилганлик, сўровига давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни истисно этган ҳолда ахборотни (материалларни) қонунда белгиланган муддат ва тартибда тақдим этмаслик ёхуд била туриб ёлғон ахборот (материаллар) тақдим этганлик, – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача (!) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Оммавий ахборот воситалари ходими ёки журналистга тазйиқ ўтказганлик ва (ёки) журналистни таъқиб қилганлик, яъни унинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйиш, шикаст етказиш, нобуд қилиш, журналистни жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд шундай мажбурлашни қўллаш билан қўрқитиш, – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса – етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этиш, — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн икки бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилиши кутилаётган ўзгартиришга кўра, Оммавий ахборот воситалари ходимлари ва журналистнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳолат аниқлангудек бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома кўриб чиқиш учун ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда судга юборилади.

Юқоридаги қонун лойиҳаси кулгили эмасми? Неча йиллардан буён мансабдорларнинг оммавий ахборот воситалари ходимларига нисбатан босим ва тазйиқлари ортиб бораётгани, улар биргина узр билан қутилиб кетаётгани ва хурмача қилиқларини давом эттириб келаётгани ҳақида бонг уриляпти. Қонунни ишлаб чиққан амалдорлар иссиқ идорасида чой хўплаб ўтирган бир вақтда журналист тазйиққа учраяпти, қўлидан камераси тортиб олиняпти, кўчанинг ўртасида тутиб, ҳуқуқ-тартибот идорасига ноқонуний равишда олиб кетиляпти. Буларнинг бадалини тўлаш шунча арзонми? Ҳозир Ўзбекистонда базавий ҳисоблаш миқдорининг 270 минг сўмлигини инобатга олсак, қонун қабул қилингач ҳам журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлар бор-йўғи 540 минг сўм, боринг ана, 4 миллион сўм билан қутилиб қолаверади. Сиз қураётган демократик жамиятда журналистнинг, адолатнинг нархи шуми?

Қолаверса, нега журналистларга нисбатан тазйиқ ва босимли ҳолатларни аниқлаш ва баённома тузишни яна АОКАга ишониб топшириш керак? АОКА журналист ҳимоясида ўрнак ташкилотми? Кун келиб унинг ўзи ОАВ ходимлари ҳуқуқларини бузмайдими ва бунинг мониторингини юритишда холис ва адолатли бўла оладими? Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаган мурожаатида агентлик фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш кераклигини айтганди. Ўшандан буён бирор ўзгариш бўлмаган ташкилотга журналистларни ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифани ишониб топширса бўладими? Айтайлик, журналистга АОКАнинг ўзидан босим бўлса, унда бунга ким чора кўради, журналист қайси эшикка бошини уради? Яна АОКАгами? Вилоятларда-чи? Айтайлик, вилоят ҳокими ёки унинг ўринбосари журналистга босим ўтказса, АОКА ҳудудий бошқармаси бошлиғининг бу ҳақда баённома тузишга қўли борармикин?!

Савол туғилади: агар АОКАнинг ўзи журналистларни ҳимоя қилиш борасида ҳали ўрнак бўла олмайди, десак, унда журналистларга нисбатан босим ва тазйиқларни аниқлаб, бу бўйича баённома туши ва судга тақдим этиш ваколатини кимга бериш керак? Албатта Сенатга! Журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилиниши билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва рўйхатга олиш, баённома тузишни шундоқ ҳам иши бошидан ошиб ётган АОКАга эмас, Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасига топшириш керак. Қўмита журналистларга босим билан боғлиқ ҳар бир воқеаликни фавқулодда ҳолат сифатида қабул қилиб, муҳокама қилиш ва мансабдорларга чора кўриш имконига эга. 

Қонун ими-жимида қабул қилинмаслигига умид қиламиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

117

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг