Кутилмаган ҳолат: Европа иқтисодиёти уруш бўлишига қарамасдан ўсмоқда
Олам
−
08 Июнь 2022
10988Европа Иттифоқи иқтисодиёти 2022 йилнинг биринчи чорагида Россиянинг Украинага қарши уруши таъсирига қарамай, олдинги уч ойга қараганда анча тез ўсди. Бу ҳақда “Reuters” Европа Иттифоқи Статистика бюросига таяниб, хабар берди.
Еуростат маълумотларига кўра, евродан фойдаланадиган 19 мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳар чоракда 0,6 фоизга ўсган. Аслида май ойида бюро томонидан бу кўрсаткич 0,3 фоизи бўлиши кутилган эди.
Якуний маълумотлар шуни кўрсатганки, Евроҳудуд иқтисодиётининг ўсиши биринчи чоракда Россиянинг февраль ойида Украинага бостириб киришига қарамай, 2021 йилнинг охирги чорагидан кўра тезлашган.
Аммо урушнинг салбий таъсири иккинчи чоракда сезилиши кутилмоқда. Биринчи чоракдаги кутилганидан кўра яхшироқ ўсиш экспорт ва захираларнинг кўпайгани билан изоҳланади.
Иқтисодий ўсиш кичикроқ мамлакатларда кучли ўсиш кузатилган, Ирландия иқтисодиёти ҳар чоракда 10,8 фоизга ўсди. Блокнинг энг йирик давлатлари орасида ЯИМ Германияда 0,2 фоизга ва Италияда 0,1 фоизга ўсди, Францияда эса 0,2 фоизга пасайди.
Евростатнинг маълум қилишича, Европада бандлик 0,6 фоизга ошган, истеъмол эса 0,7 фоизга камайган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси