Киевдаги вокзал ҳудуди ракета ҳужумига учради
Жамият
−
03 Март 2022
8592Кеча, 2 март куни Киевда рус Қуролли кучларининг снарядлари темир йўл вокзалининг ер ости ўтиш жойи ҳудудига келиб тушди. Бу ҳақда Украина маҳаллий нашрлари бонг урмоқда.
Бу ҳақда Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашенко Telegram’даги каналида ҳодиса ҳақида шундай хабар қолдирган:
"У ҳозиргина вокзалнинг ер ости йўлаги ҳудудига урилди. “Ибис” меҳмонхонаси ва "Южний" бекати ўртасида".
"Россиялик террорчилар Киевдаги Жанубий темир йўл вокзалига ҳаво ҳужуми уюштирди, у ердан минглаб украиналик аёллар ва болалар эвакуация қилинмоқда. “Ибис” меҳмонхонаси яқинига снаряд келиб тушиши оқибатида вокзал биноси омон қолган ва кичик зарар кўрган", дейилади Украина темир йўллари хабарида.
Қайд этилишича, снаряд келиб тушишига қарамай, поездлар ҳаракати давом эттирилмоқда.
Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашенконинг сўзларига кўра, снаряд катта иссиқлик тизимига ҳам зарар етказган, бунинг натижасида Киевнинг бир қисми иссиқликсиз қолиши мумкин.
Охирги маълумотларга кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ, аммо ҳужум атайин тинч аҳоли кўп тўпланган станцияга амалга оширилгани айтилмоқда.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15