Киев рози бўлди. Украина ва Россия музокара ўтказади – Минск

Олам

image

Беларусь Миллий матбуот маркази беларуслик сиёсатчи Юрий Воскресенскийга таяниб, Украина делегацияси Гомелдаги музокаралар учун йўлга тушгани ҳақида хабар берди. Бу маълумот ҳозирча Киев томонидан тасдиқланмади.

Россия делегацияси раҳбари, Россия Президентининг ёрдамчиси Владимир Мединскийнинг айтишича, Киев Гомелдаги музокараларга тайёрлигини тасдиқлаган. Мединскийнинг сўзларига кўра, Россия делегацияси аъзолари музокаралар учун Минскдан Гомелга жўнаб кетишмоқда.

“Биз кетмоқчи эдик, лекин биз Украина томонидан музокаралар тасдиқлангани ҳақида маълумот олдик”, деган Мединский Гомел вилоятида учрашув ташкил этиш тафсилотларига тўхтали.

Аввалроқ Мединский Россия томони Украина делегациясининг Гомелдаги музокараларда бўлиши ва у ерга бориши вақтида хавфсизлигини кафолатлаганини маълум қилганди.

Қайд этиш керакки, бироз аввал Украина Президенти Владимир Зеленский Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилганди.

Аввалроқ Зеленский Россия билан музокара ўтказиш учун Беларусдан бошқа исталган давлат тўғри келишини айтганди. У шунингдек, Украина делегацияси ўзига ҳужум уюштирган давлатга музокара учун бормаслигини қўшимча қилган.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

262

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг