Киев қамалга олинди – Россия Мудофаа вазирлиги
Олам
−
25 Февраль 2022
15798Россия десантчилари Киев чеккасидаги Гостомел аэродромини эгаллаб олди ва Россия Ҳаво-десант кучларининг асосий кучлари билан бирлашиб, Украина пойтахтини ғарбдан қамал қилди. Бу ҳақда бугун, 25 февраль куни Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игор Конашенков маълум қилган.
"24 февраль куни Россия Федерацияси Қуролли Кучлари Киев чеккасидаги Гостомел аэродроми ҳудудида муваффақиятли қўниш операциясини амалга оширди. Аэродромни қамал қилиш пайтида 200 дан ортиқ Украина махсус бўлинмалари ходимлари ҳалок бўлди, Россия Қуролли кучларида йўқотишлар йўқ”, дейди у.
Унга кўра, ҳозирги вақтда ҳаво-десант қўшинларининг асосий кучлари Гостомел аэродромида Россия десант бўлинмалари билан бирлашиб, Киев шаҳрини ғарбдан тўсиб қўйган.
Россия ҳарбийлари Киевнинг турар-жойларига зарба бермайди, деб ишонтирмоқда Россия Мудофаа вазирлиги.
“Россия ҳарбий хизматчилари тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмаслиги учун барча чораларни кўрмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Украина раҳбарияти террорчиларнинг усулларидан фойдаланмоқда ва украиналиклардан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқчи.
"Украина фуқароларига мурожаат қиламан. Сизнинг миллатчи раҳбариятингиз террорчилар каби усуллардан фойдаланмоқда. Улар сиздан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқчи. Россия қуролли кучлари Украина пойтахтининг турар-жойларига ҳеч қандай зарба бермайди", дейди Конашенков.
Россия Қуролли Кучлари бўлинмалари Киев ва бошқа шаҳарларда вазифаларни бажаришда давом этмоқда.
“Россия Қуролли кучлари бўлинмалари Киев ва бошқа шаҳарларда мардлик ва қаҳрамонлик кўрсатиб, топшириқларни бажаришда давом этмоқда. Ҳозирги вақтда разведка маълумотларига кўра, Гостомел аэродромига зарба бериш учун Киевдаги Шевченко майдонида “Град” ракета тизимлари ўрнатилган”, дейди Конашенков.
Мудофаа вазирлиги вакилига кўра, Пентагон ва Марказий разведка бошқармаси маслаҳатчилари Киевга жавоб отишмаларини қўзғатиш учун аҳоли пунктларида ракета-артиллерия тизимларини қандай жойлаштиришни ўргатишган.
"Пентагон ва Марказий разведка бошқармаси маслаҳатчилари Украина ҳарбий раҳбариятига маҳаллий аҳолига жавобан отишма қўзғатиш учун аҳоли пунктларига ракета-артиллерия тизимларини қандай жойлаштиришни ўргатишган. Киев режимининг ўз артиллериясининг ўқ отиш жойларини қоплаш учун турар-жойлардан фойдаланиши уруш жиноятидир", дейди у.
Унинг таъкидлашича, бу усул ҳаммага маълум, чунки "бундан Яқин Шарқ ва бошқа мамлакатларда Марказий разведка бошқармаси назорати остидаги террорчилар фаол фойдаланмоқда".
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси