Хоинлар Россия жамиятидан йўқолиб кетади – Кремль

Олам

image

Хоин деб аталиши мумкин бўлганларнинг ўзлари ҳозирги воқеалар (Украинадаги уруш – таҳр.) фонида Россия жамиятидан йўқолиб кетади. Бу ҳақда Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков айтиб ўтган

Песков Президент Владимир Путиннинг кеча, 16 март куни бўлиб ўтган Россия Федерацияси ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишида Россия жамиятининг табиий ўзини-ўзи покланиши ҳақидаги сўзларига изоҳ берар экан, “жуда кўп одамлар ўзини, русча айтганда, сотқин сифатида кўрсатишини” таъкидлаган. 

Унинг таъкидлашича, бундай қийин ва масъулиятли вазиятларда кўпчилик ўзини кимлигини кўрсатмоқда. 

“Уларнинг ўзлари ҳаётимиздан йўқолиб кетишади. Кимдир ўз лавозимини тарк этади, кимдир фаол хизмат муддатини ташлаб кетади, кимдир мамлакатни тарк этиб, бошқа давлатларга кўчиб ўтади. Мана шундай тозалаш содир бўлади. Кимдир қонунни бузади ва бунинг учун суд қарорлари билан тегишли жазони олади”, дея хулоса қилди Песков.

Айтиш жоизки, Россия Украинага уруш бошлаганидан бери россияликлар Марказий Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга кўчиб кета бошлади. Шунингдек, Россияда фуқаролар урушга қарши чиқиб, митинглар уюштирди, ҳукумат эса уларни қўпол равишда бостирди. 

Норозиликлар фақат кўчаларда бўлмади. Россиянинг “Биринчи канал”и ходими Марина Овсянникова “Время” кўрсатуви жонли эфирида урушга қарши плакат билан студияга кириб борди. Янгиликлар эълони пайтида у “No war. Урушни тўхтатинг. Пропагандага ишонманг. Бу ерда сизни алдашмоқда. Руслар урушга қарши”, деб ёзилган плакат билан кадрга тушди. Овсянникова режиссёрлар бошқа кадрни қўйиб юбормагунча эфирда бир неча бор “Урушни тўхтатинг! Уруш керакмас!”, деб такрорлаган. Шундан сўнг, Марина Овсянникова студиясига бостириб киргани учун суд қилиниб, 30 минг рубль миқдорида жаримага тортилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг