Канада Россияни бўғишда давом этмоқда. Санкциялар яна кенгайтирилади 

Олам 8072
image

Канада Россиянинг газ, нефть ва кимё соҳаларига қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирмоқчи. Бу ҳақда Канада Ташқи ишлар вазири Мелани Жоли берган баёнотда айтилади. 

Қайд этилишича, кеча, 9 июль куни Мелани Жоли Канада Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий этиш ниятида эканлигини маълум қилган. 

Унинг аниқлик киритишича, чекловлар қувур, металл, компьютер ва электр жиҳозларини ишлаб чиқаришга таъсир қилади. 

"Ушбу чора-тадбирлар кучга киргандан сўнг, Канада компаниялари мақсадли тармоқлар билан шартномаларни бажариш учун 60 кунга эга бўлади", дейди ТИВ раҳбари. 

Санкциялар Канада компанияларининг Россия иқтисодиётининг чеклов қўйилган тармоқларида маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳисса қўшишига тўсқинлик қилади. Бироқ улар қачон кучга кириши номаълум.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июль куни Канада ҳукумати Россия Федерациясининг 29 нафар жисмоний ва 15 нафар юридик шахсига нисбатан санкциялар жорий қилди. Рўйхатга Москва ва Бутун Россия Патриархи Кирилл, Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова, Биринчи канал бошловчиси Екатерина Андреев ҳам киритилган.

Шунингдек, Канада Россия Федерациясидан олтин ҳамда ундан бир қатор маҳсулотларни олиб киришга тақиқ жорий қилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 24
Рейтинг: 3.2
t
×