Каховка ГЭСи вайрон бўлиши ортидан 700 минг киши ичимлик сувисиз қолиши мумкин – БМТ

Олам

image

Каховка ГЭСи тўғонининг вайрон бўлиши сабабли Украинанинг 700 минг аҳолиси ичимлик суви танқислигига дуч келиши мумкин. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Каховка ГЭСи тўғони вайрон бўлгач, Украинадаги гуманитар вазият кескин ёмонлашган.

“Аммо аслида биз бу ҳаракатларнинг тўлиқ оқибатларини эндигина кўра бошладик”, дейди Гриффитс.

Келтирилишича, тўғоннинг бузилиши Украинадан озиқ-овқат экспортининг камайишига ва бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат нархининг ошишига олиб келади.

“700 000 киши учун сифатли ичимлик суви етишмаслиги каби катта муаммо бор”, деди Гриффитс.

Мартин Гриффитснинг қўшимча қилишича, БМТ ГЭС вайрон бўлганидан кейин сув тошқини зонасида қолган Украина назоратидаги вилоятларнинг 30 мингга яқин аҳолисига ёрдам кўрсатган.

Шунингдек, у Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензей билан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун Россия назоратидаги ҳудудларга БМТ ходимларини қабул қилиш масаласини муҳокама қилиш учун учрашув ўтказилишини эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 6 июнь куни эрталаб Украинанинг вақтинчалик Россия томонидан эгалланган Херсон вилоятидаги Каховка ГЭСи тўғон портлаши оқибатида вайрон бўлганди. Бунинг оқибатида аҳоли яшаш пунктлари сув остида қолди ва Херсон вилоятида фавқулодда ҳолат жорий қилинди. БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳам мазкур масалани кўриб чиқди. Киев ва Москва станциядаги портлашда бир-бирини айблади. Россия Тергов қўмитаси Каховка ГЭСи вайрон қилиниши бўйича жиноий иш қўзғатди. 

НАТО, Европа Кенгаши ва Германия эса портлашда Россиянинг қўли борлигини айтди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова эса Украина ГЭСга ҳужум қилишни режа қилганини олдиндан билганини билдирди. Каховка ГЭСи ўрнида янги станция қуриш учун камида беш йил вақт ва бир миллиард гривна (27 миллион доллар) керак бўлиши маълум қилинди. 7 июнь куни эса Украина Президенти Владимир Зеленский БМТ ва Қизил Хочнинг Каховка ГЭСидаги фавқулодда ҳолатга муносабатидан ҳафсаласи пир бўлганини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

ичимлик суви Украина Каховка ГЭСи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг