Қримдаги портлашлар Россияни ваҳимага соляпти – ISW

Олам 13910
image
-

Украинанинг Россия томонидан эгаллаб олинган Қрим яримороли ва Херсон вилоятида содир бўлган сўнгги портлашлар Россиянинг мамлакат ичкарисидаги ҳудудлар хавфсизлигига бўлган ишончига путур етказмоқда. Бу ҳақда Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳисоботида айтилади.

Таҳлилчиларнинг қайд этишича, Россиянинг Қрим ва Старий Осколдаги нишонларига қилинган ҳужумлар ҳақидаги хабарлар “бўрттирилган”. Бироқ, сунъий йўлдош тасвирларига кўра, босқинчилар янги ҳужумларга тайёргарлик кўриб, ўқ-дорилар ва жиҳозларни далалар ва ўрмонларга яқинроқ жойга ташишни бошлаган.

Шунингдек, мутахассислар сунъий йўлдошдан олинган суратларни ўрганиб, Белбекдаги авиабаза ва Старий Оскол аэродромида ҳеч қандай зарар кўрмаганини маълум қилди.

Запорожье вилоятидаги исмини ошкор этмаган Россия вакили ISW’га берган изоҳида, Россия ҳаво мудофааси Қрим кўприги устида ракета эмас, балки дрон уриб туширганини тасдиқлаган.

Қайд этилишича, Россия расмийлари ва аҳоли ўртасида Қримдаги хавфсизлик борасида хавотир кучаймоқда, бунга мисол учун Севастополда душман томонидан қўпорувчиларни аниқлаш учун назорат-ўтказиш пунктлари ўрнатилгани гувоҳлик беради.

Эслатиб ўтамиз, 16 август куни Қримнинг Жанкой туманидаги Азовское қишлоғидаги ҳарбий қисмда ўқ-дорилар омборида портлаш содир бўлди.

Қрим-татар халқи мажлиси раиси Рефат Чубаровнинг айтишича, руслар портлашлар эпицентридан 5 километр радиусдаги ҳудудни ўраб олган ва тинч аҳолини эвакуация қилган.

РФ Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмда ўқ-дорилар сақланадиган жойда ёнғин содир бўлганини маълум қилди. Ва кейинроқ Россия томони саботаж уюштирилганини эълон қилди.

Ғарб ОАВда эса Қримдаги портлашга Украина ҳарбийлари уюштирган ракета зарбаси сабаб бўлганини ёзди.

Шунингдек, 9 август куни Қримда, Новофедоровка аҳоли пункти ҳудудида бир қатор портлашлар содир бўлганди ва Саки аэродроми ҳудудида ёнғин чиққанди. Портлашлар натижасида камида 9 та самолёт йўқ қилинган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 28
Рейтинг: 3.3
t
×