Қозоғистонда самолёт ҳалокатга учраши оқибатида икки киши ҳалок бўлди
Олам
−
30 Сентябрь 2023
5631Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида икки ўриндиқли самолёт машғулот парвози вақтида ҳалокатга учради. Бу ҳақда Фуқаро авиация қўмитаси матбуот хизматига таяниб, “Tengrinews” хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 30 сентябрь куни Қарағанда вилоятида маҳаллий вақт билан 07:46 да ҳавога кўтарилган P2002 русумли UPLА286 самолёти ўқув парвози вақтида ҳалокатга учраган. Оқибатда 1097 соат парвоз стажига эга бўлган самолёт командири (учувчи-инструктор) ва Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ҳарбий институтининг 3-курс курсанти ҳалок бўлган.
Қўмита кейинчалик хабарларга аниқлик киритиб, қурбонларнинг шахси ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаган. Шунингдек, Транспорт вазирлиги Доскей қишлоғидан 5 километр узоқликда содир бўлган қулаш тафсилотларини ўрганиш юзасидан тергов бошланганини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилияда самолёт қулаши оқибатида 14 киши ҳалок бўлганди. Шунингдек, Туркиянинг Измир вилоятида бортида 3 нафар қирғизистонлик бўлган вертолёт ҳалокатга учраганди.
LiveБарчаси