Қозоғистон кўмири Ўзбекистонга етиб келгунча қимматлашмоқда. Тадбиркорлар ташиш харажатларидан шикоят қилди
Ўзбекистон
−
384 7 дақиқа
Қозоғистондан импорт қилинадиган “Шубарколь” кўмирининг бир тоннаси божхонада 40 доллардан расмийлаштирилса-да, иссиқхона хўжаликларига етгунча 110 долларгача қимматлашмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 16 ноябрь куни Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган очиқ мулоқотда тадбиркор Хуршид Аҳмедов маълум қилди.
Қайд этилишича, учрашувда иссиқхона маҳсулотлари таннархини ошираётган омиллар, ёқилғи таъминоти ва импорт кўмирини етказиб беришдаги муаммолар муҳокама қилинган. Тадбиркорлар, хусусан, темирйўл логистикаси, кўмирни тушириш ва сақлаш харажатлари, шунингдек, воситачиларнинг савдо устамалари ёқилғининг якуний нархига сезиларли таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган.
Кўмир нархи чегарадаги қийматидан қарийб уч баравар ошмоқда
Иссиқхона хўжаликларининг асосий харажатларидан бири, айниқса совуқ мавсумда иситиш учун сарфланадиган ёқилғи ҳисобланади. Тадбиркор Хуршид Аҳмедовнинг фикрича, ишчи кучи харажатлари нисбатан паст бўлишига қарамай, қишда иссиқхоналарни иситиш маҳсулот таннархининг ошишига сабаб бўлмоқда.
“Бизда ишчи кучи арзон. Ҳамманинг ўз жойи бор, ҳеч ким арендада эмас, бошқада эмас. Асосий омил ва муаммо – ёқилғи”, дейди у.
Аҳмедов бу муаммони Қозоғистондан келтириладиган “Шубарколь” кўмири мисолида тушунтирган. Унинг айтишича, мазкур ёқилғининг божхонада расмийлаштирилган қиймати 2024, 2025 ва 2026 йилларда ҳам бир тонна учун 40 доллар атрофида бўлган. Бироқ маҳсулот иссиқхона эгаларига етгунча унинг нархи 110 долларгача кўтарилмоқда.
“Қозоғистондан кирадиган “Шубарколь” бренди остидаги кўмир божхонадан 40 доллардан ўтиб келади. Божхонадан биз кўтарганмиз бу маълумотларни, 2024, 2025, 2026 йил учун 40 доллар нарх белгиланган. Лекин, афсуски, бу нарса иссиқхоначигача етиб келгунча 110 долларгача ошиб кетяпти”, дейди у.
Демак, келтирилган мисолда бир тонна кўмирнинг нархи чегарадаги расмий қийматга нисбатан 70 долларга ёки 2,75 бараварга ошмоқда.
Шу билан бирга, ушбу фарқни фақат транспорт харажатлари билан изоҳлаб бўлмайди. Кўмирни темирйўлда ташиш, вагонлардан тушириш, қайта юклаш, омборларда сақлаш ва станциядан истеъмолчигача автомобиль транспортида етказиш каби жараёнлар ҳам якуний нархга таъсир қилиши мумкин. Бундан ташқари, солиқлар ва воситачиларнинг устамалари ҳам умумий харажатларга қўшилади.
Кўмирни тушириш майдонлари ва воситачилар масаласи
Тадбиркор нарх ошишига сабаб бўлаётган омиллардан бири сифатида темирйўл инфратузилмасидан фойдаланиш тартибини кўрсатган. Унинг таъкидлашича, импортёр кўмирни Қозоғистондаги ишлаб чиқарувчидан мустақил равишда сотиб олган тақдирда ҳам, уни Ўзбекистонда тушириш ва кейинги манзилга етказиш учун қўшимча харажатларга дуч келади.
Аҳмедовнинг айтишича, аввал мамлакатда кўмирни вагонлардан туширишга мўлжалланган 66 тага яқин махсус майдон бўлган. Тадбиркорлар орасида “ветка” деб аталадиган ушбу темирйўл шохобчалари бир корхона тасарруфида бўлганини у алоҳида қайд этди.
“Шу пайтгача Ўзбекистонда 66 та кўмир тушириладиган омбор бор экан. Яъни, бизнинг тилимизда, халқ тилида “ветка” дейилади. Шу веткаларнинг ҳаммаси “Кўмирсаноат” деган битта корхонанинг қўлида бўлган экан. Президентимиз мана шу нарсани бекор қилиб, буни биржага, яъни бозорга олиб кирсин, ҳамма олиб кириб, ҳамма фойдалансин, деди”, дейди тадбиркор.
У ўз тажрибасини ҳам мисол қилиб келтирган. Хусусан, 2022 йилда Қозоғистондан кўмирни тўғридан тўғри импорт қилишга ҳаракат қилганида, ёқилғини вагондан тушириш учун шохобча эгасига қўшимча ҳақ тўлаш зарурати туғилган.
“2022 йилда ўзим Қозоғистонга чиқиб, кўмир олиб кирадиган бўлганимда, биласизми, нима муаммо бўлди? Мен кўмирга ўзим пул тўлаб, конвертация қилиб, пул тўлаб олиб кирганимда ҳам, мен кўмир тушириш учун омборхоначига, ўша “ветка” эгасига ортиқча пул тўлашим керак. Икки ўн беш – бир ўттиз. Кейин охири мен нима қилдим? “Қўйинг, шу иш билан сиз шуғулланинг”, дейман. Таннарх шу билан сунъий равишда кўтариляпти”, дейди у.
Тадбиркорнинг фикрича, бундай вазиятда иссиқхона эгалари кўмирни мустақил импорт қилишдан кўра, уни олиб кириш, тушириш ва сотиш жараёнларини ташкиллаштирувчи воситачилар хизматидан фойдаланишга мажбур бўлади. Бу эса ёқилғининг истеъмолчигача бўлган нархини янада оширади.
Муаммолар фақат тушириш майдонлари билан чекланмайди. Темирйўл вагонлари ва шохобчаларининг етишмаслиги ҳам кўмир таъминотини қийинлаштирмоқда. Учрашувда 2023 йилда иссиқхона хўжаликларини марказлашган тарзда кўмир билан таъминлаш масаласи кўтарилганида ҳам шу каби тўсиқлар юзага келгани айтилган.
“2023 йилда ҳам бу масала кўтарилганда, биз ҳисоб-китоб қилганимизда, уларни у даражада олиб келиш учун темирйўл веткалари, вагонлар деган масалада ҳам ўша пайтда ечим топа олмаганмиз. Балки, ҳозир бунда янгилик бўлиб қолар. Бу ҳам ўша кўмирни марказлашган ҳолда олиб келишга қийинчилик беради”, дейди учрашув иштирокчиларидан бири.
Тадбиркорлар кўмирни автомобиль транспортида импорт қилишга рухсат сўрамоқда
Очиқ мулоқотда кўтарилган яна бир масала – импорт кўмирини Ўзбекистонга олиб киришда транспорт тури бўйича белгиланган талаблар бўлган.
Хуршид Аҳмедовнинг айтишича, Қозоғистондаги айрим етказиб берувчилар кўмирни автомобиль транспортида Ўзбекистон чегарасигача етказиб беришга тайёр. Бироқ мамлакатга импорт қилишда темирйўлдан фойдаланиш талаби мавжудлиги сабабли тадбиркорлар бундай имкониятдан фойдалана олмаяпти.
У Тошкентга яқин жойлашган Черняевка ҳудудидаги кўмир сотувчилари билан боғланганини ва улар автомобиль транспортида ҳам маҳсулот етказиб беришга тайёрлигини билдирган.
“Қозоғистондаги тадбиркорларга чиқдик. 10 километрдаги Чернявкада айнан кўмир олиб сотадиган тадбиркор айтиб турибди: “Бизда бу нарсанинг нархи 32. Хоҳласанг фурага, хоҳласанг қопга, хоҳласанг Damas’га юклаб бераман, олиб кет”. Лекин бизда, айнан Тошкент атрофидаги “таможня”да шундай чеклов борки, фақат темир йўл орқали олиб кириш мумкин”, дейди Аҳмедов.
Муҳокама чоғида давлат органи вакили ушбу чеклов Қозоғистон ёки Ўзбекистон томонидан белгиланганига аниқлик киритишни сўраган. Тадбиркор эса талаб Ўзбекистон томонидан жорий этилганини айтган.
Аҳмедовнинг айтишича, темирйўл орқали ташиш мажбурияти кўмир етказиб бериш муддатларига ҳам таъсир қилмоқда. Айниқса, қиш мавсумида вагонларга талаб ортиб, уларни тақсимлашда аҳоли ва чекка ҳудудларни ёқилғи билан таъминлаш устувор аҳамият касб этади. Натижада тадбиркорлар буюртмалари иккинчи даражага тушиб қолиши мумкин.
“Ҳозир темирйўлда вагонлар етишмаяпти. Қишда давлат, аввало, чекка қишлоқларни кўмир билан таъминлаши керак, шунинг учун тадбиркорлар иккинчи ўринга сурилади”, дейди Аҳмедов.
Унинг фикрича, айниқса кичик иссиқхона хўжаликлари учун автомобиль транспортидан фойдаланиш имконияти муҳим. Чунки улар кўмирни катта партияларда эмас, балки ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб, нисбатан кам миқдорда харид қилишга тайёр.
Кўмир импорти фақат темирйўл орқали амалга оширилиши белгиланган
Импорт кўмирини ташиш усулига оид талаблар 2026 йилда давлат даражасида ҳам муҳокама қилинган. 26 май куни Президентга кўмир саноатини ривожлантириш бўйича режалар тақдим этилганида, соҳада бозор механизмларини жорий этиш масаласи кўтарилган. Шунингдек, импорт қилинадиган ёқилғи учун калориялилик, олтингугурт ва бошқа аралашмалар миқдорига доир экологик ҳамда сифат талабларини белгилаш режалари маълум қилинган.
Тақдимот бўйича расмий хабарда кейинги босқичда кўмир импорти фақат темирйўл орқали амалга оширилиши қайд этилган. Шунга ўхшаш тушунтириш “Ўзбеккўмир” АЖ расмий сайтида ҳам эълон қилинган. Компаниянинг 2026 йил 5 сентябрда янгиланган маълумотида импорт кўмирини Ўзбекистонга фақат темирйўл транспорти орқали олиб кириш мумкинлиги кўрсатилган.
Бироқ компания таянаётган 2026 йил 30 июлдаги 418-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори матнида кўмирни етказиб бериш, ҳисобга олиш ва темирйўл орқали ташиш механизмлари назарда тутилган бўлса-да, автомобиль транспортида импорт қилишни умумий тарзда тўғридан тўғри тақиқловчи алоҳида норма йўқ.
Қозоғистон Ўзбекистонга қанча кўмир экспорт қилмоқда?
Қозоғистон Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида мамлакат Ўзбекистонга қарийб 1,02 млн тонна кўмир экспорт қилган. Экспортнинг умумий қиймати 23,1 млн долларни ташкил этган.
Шундан келиб чиқиб ҳисоблаганда, бир тонна кўмирнинг ўртача статистик экспорт қиймати тахминан 22,73 долларга тенг бўлган. Таққослаш учун, Қозоғистон шу даврда жами 21,3 млн тонна тошкўмирни 536,6 млн долларга экспорт қилган. Ушбу ҳажм бўйича ўртача экспорт қиймати бир тонна учун 25,2 долларни ташкил этган.
Бироқ бу рақамлар фақат тегишли товар тоифаси бўйича умумий экспорт кўрсаткичларини акс эттиради. Улар орасида “Шубарколь” маркасидаги кўмирнинг алоҳида нархи ажратилмаган. Шунингдек, экспорт статистикаси якуний харидоргача бўлган ташиш, омборда сақлаш ва савдо устамалари каби харажатларни қамраб олмайди.
Live
Барчаси