Ўзбекистон сайёҳлар учун энг хавфсиз давлатлар қаторига кирди

Ўзбекистон

−

visibility91 timer2 дақиқа

image

Ўзбекистон 2027 йилда саёҳат қилиш учун энг хавфсиз давлатлар рейтингидан жой олди. Мамлакат 198 та давлат орасида 81,03 балл билан “энг юқори хавфсизлик” тоифасига киритилди. Бу ҳақда “CEOWORLD Magazine” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, CEOWORLD Magazine томонидан эълон қилинган 2027 йилги Travel Safety Ranking рейтингида Ўзбекистон саёҳат хавфсизлиги даражаси жуда юқори бўлган мамлакатлар қаторида қайд этилган. Туризм қўмитаси матбуот хизматининг билдиришича, бу эътироф мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда хорижий сайёҳлар учун осойишта муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро миқёсда тан олинаётганини англатади.

Рейтингда Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам хавфсизлик даражаси юқори мамлакатлар сифатида эътироф этилган. Жумладан, Қозоғистон 44-ўрин, Туркманистон 57-ўрин, Қирғизистон 65-ўрин ва Тожикистон 73-ўринни эгаллаган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг рейтингдаги юқори кўрсаткичида мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик, жамоат тартиби ҳамда ички осойишталик муҳим омиллар сифатида баҳоланган. Хусусан, 2026 йилги Global Peace Index натижаларида ҳам Ўзбекистон дунёнинг тинч мамлакатлари қаторида қайд этилган.

Рейтингнинг дастлабки ўнталигидан қуйидаги давлатлар жой олган:

  • Сингапур – 89,72 балл;
  • Япония – 88,91 балл;
  • Исландия – 88,73 балл;
  • Словения – 88,63 балл;
  • Швейцария – 88,47 балл;
  • Чехия – 86,63 балл;
  • Финляндия – 86,50 балл;
  • Австрия – 86,49 балл;
  • Португалия – 86,17 балл;
  • Тайвань – 85,44 балл.

Рейтингда энг охирги ўринни 12,98 балл билан Гаити эгаллаган. Афғонистон, Жанубий Судан, Яман ва Россияда ҳам саёҳат хавфсизлиги даражаси паст деб баҳоланган.

Маълумот учун, АҚШ Давлат департаменти ҳам Ўзбекистонни америкалик сайёҳлар учун хавфсиз саёҳат йўналиши сифатида баҳолаган. Хусусан, мамлакатга саёҳат қилиш бўйича тўрт даражали хавфсизлик тавсиялари тизимининг биринчи даражаси – “Одатий эҳтиёт чораларига риоя қилиш” (Exercise Normal Precautions) белгиланган. Бу мамлакатда саёҳатчилар учун хавфсизлик билан боғлиқ хавфлар энг паст даражада эканини англатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилги EF English Proficiency индексига кўра, Ўзбекистон аҳолиси инглиз тилини билиш даражаси жуда паст мамлакатлар қаторидан жой эгаллагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг