Қодиров Чеченистонда армияга сафарбарлик 250 фоиз бажарилгани билан мақтанди
Олам
−
23 Сентябрь 2022
9208Чеченистонда ҳарбий хизматга чақириш режаси янги ҳарбий қисмларнинг ташкил этилиши ҳисобига 254 фоизга ортиғи билан бажарилган. Шунинг учун қисман сафарбарлик Чеченистонда ўтказилмайди. Бу ҳақда республика раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг Telegram-каналида жойлаган видеолавҳасида айтиб ўтди.
“Пайшанба куни Россия Президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган қисман сафарбарлик доирасида Чеченистон Республикаси аҳолисини ҳарбий хизматга чақириш мавзусида йиғилиш ўтказдим. Чеченистон Республикасида ҳарбий хизматга чақириш режаси 254 фоизга ортиғи билан бажарилди”, деб ёзади Қодиров.
Унинг сўзларига кўра, бундай кўрсаткичларга Россия Мудофаа вазирлигининг янги бўлинмалари ташкил этилиши туфайли эришилган. Ҳарбий хизматга даъвогарларнинг барчаси Ҳарбий комиссарликдан ўтган. Чеченистон ҳукумати бу механизмни бошиданоқ, қисман сафарбарлик эълон қилинишидан олдин ишлаб чиққан.
Қодировнинг қайд этишича, республикада зарурат туғилганда армияга сафига қўшилиши мумкин бўлган минглаб кўнгиллилар захираси мавжуд.
"Шу боис, мен Чеченистон Республикаси аҳолисини, хусусан, севимли ва ҳурматли оналаримизни хотиржамликка чақираман", дейди Қодиров.
Аввалроқ Рамзан Қодиров Россия ва Украина ўртасида асирлар алмашилганидан норозилигини билдирганди. У алмашинув Украина шартлари асосида бўлганини танқид қилган.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Президент Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади, унга кўра биринчи босқичда 300 минг Россия фуқароси фронтга юборилади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси