Қатар Амири Дамашққа борди

Олам

image

Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний расмий ташриф билан Дамашққа борди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Қатар Амирининг ташрифи Сурияда ҳокимият алмашганидан кейинги илк расмий ташриф бўлди. Кеча, 29 январь куни Сурия маъмурияти раҳбари Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан машҳур) ўтиш даври президенти сифатида эълон қилинганди. AFP Сурия элчихонасига таяниб, икки етакчининг Дамашқдаги учрашуви “тарихий ташриф” доирасида бўлиб ўтаётгани ва у асосан “бир нечта соҳалардаги ҳамкорлик ва ёрдам” масалаларига бағишланишини хабар қилди.

“Al Jazeera”га кўра, Қатар Амири 2024 йилнинг декабрида Сурия Республикасида ҳокимият алмашганидан кейин Дамашққа ташриф буюрган илк араб етакчиси бўлди.

Маълумот учун, Қатар Башар Асад президентлик қилган йилларда Сурия билан дипломатик алоқалар олиб бормаган. Бироқ Асад режими ағдарилгач, Доҳа Анқара ортидан Дамашқдаги элчихонасининг фаолиятини қайта йўлга қўйди. Жорий йилнинг январь ойи ўрталарида Қатар Бош вазири ҳам Дамашққа бориб, янги Сурия раҳбари билан учрашув ўтказган эди. Музокаралар якунида Доҳа Сурия инфратузилмасини тиклаш учун техник ёрдам кўрсатишини ва араб республикасига 200 МВт электр энергияси етказиб беришни бошлашини маълум қилган.

Қайд этиш жоиз, Сурияда ҳокимият тепасига янги кучлар келгач, улар кўплаб мамлакатлар билан мулоқотни йўлга қўйишни бошлади. Уларнинг етакчиси Аҳмад аш-Шара ўтган йил охирида Сурияда ҳокимиятни эгаллаганидан бери Дамашқда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан, Қатар Ташқи ишлар вазирлиги давлат вазири Муҳаммад ал-Хулайфий, Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига, Ливаннинг ўша пайтдаги бош вазири Нажиб Микати, Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро билан учрашди.

Аш-Шибоний бошчилигидаги Суриянинг янги расмийлари делегацияси Саудия Арабистони, Қатар, БАА ва Иорданияга борди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қатар Тамим бин Ҳамад Ол Соний Аҳмад аш-Шаро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг