Қатар вазири ҳам Дамашққа борди
Олам
−
14:55
1620Қатар Ташқи ишлар вазирлиги давлат вазири Муҳаммад ал-Хулайфий бугун, 23 декабрь куни Қатар миллий авиакомпанияси Qatar Airways самолёти бортида Дамашққа етиб борди. Бу ҳақда Бош вазир маслаҳатчиси, амирлик ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мажид бин Муҳаммад ал-Ансорий маълум қилди.
“Ал-Хулайфий Жаноби Олийлари бошчилигида Қатарнинг юқори даражали расмий делегацияси яқинда Дамашққа Qatar Airways авиакомпаниясининг Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин Сурия пойтахти аэропортига қўнган биринчи самолётида келди. Қатар делегацияси бир қатор Сурия расмийлари билан учрашувлар ўтказишни режалаштирмоқда”, деб ёзди ал-Ансорий Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
21 декабрь куни Қатарнинг Дамашқдаги элчихонаси 2011 йилда Суриядаги можаро туфайли дипломатик ваколатхона ёпилганидан 13 йил ўтиб ўз фаолиятини қайта тиклади. Дипломатик миссия биноси тепасида амирлик байроғи кўтарилди. Элчихонанинг очилиш маросимида Қатарнинг Суриядаги муваққат ишлар вакили Халифа Абдулла Ал Маҳмуд аш-Шариф иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 декабрь куни Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Дамашқда Сурияда ҳокимият тепасига келган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ) гуруҳи раҳбари Аҳмад аш-Шаро (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний лақаби билан машҳур) билан учрашганди. Бу билан Хоқон Фидан Суриянинг янги раҳбарияти билан учрашган Ташқи ишлар вазири даражасидаги биринчи хорижий расмий шахс бўлди. Бунгача БМТнинг гуманитар масалалар бўйича бош котиб ўринбосари Том Флетчер, Британия вакили Энн Сноу ва Германия ташқи ишлар вазирлигининг Яқин Шарқ бўйича комиссари Тобиас Тункель ҳам Дамашқда Жўлоний билан учрашган.