Жўлоний БМТ ва Британия вакиллари билан учрашди
Олам
−
17 Декабрь
4530Суриянинг "Ҳаят Таҳрир аш-Шом" гуруҳи (ҲТШ) етакчиси Муҳаммад ал-Жўлоний британиялик дипломатлар билан учрашиб, мамлакатига қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, Башар Асад ҳукумати ағдарилганидан ўн кун ўтиб, мухолифат раҳбари Аҳмад аш-Шаро (тахаллуси Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) Ғарб билан мулоқотни йўлга қўйишни бошлаган. У британиялик дипломатлар ва БМТ вакиллари билан учрашув ўтказган. Шунингдек, у Франция ва Германия вакиллари билан ҳам учрашишни режалаштирган, Ғарбнинг бошқа мамлакатлари ҳам ҳамкорликка тайёрлигини билдирган.
Ҳозирда ҳақиқий исми Аҳмад аш-Шаро билан чиқиш қилаётган Абу Муҳаммад ал-Жўлоний, кеча, 16 декабрь куни Британия вакили Энн Сноуга халқаро санкцияларни бекор қилиш зарурлиги ҳақида гапирган. Унга кўра, бу қочқин сурияликларнинг ўз уйларига қайтишини таъминлайди.
Аҳмад аш-Шарога кўра, уруш гирдобидаги Суриядаги исёнчи гуруҳлар тарқатилади ва уларнинг жангчилари Мудофаа вазирлигига бўйсундирилади.
“Ҳаммаси қонунга бўйсунади”, дейди у.
Шунингдек, у друзлар жамоаси аъзолари (урушдан олдинги Сурия аҳолисининг тахминан 3 фоизини ташкил этувчи халқ) олдидаги чиқишида у мамлакатдаги турли этник озчиликлар орасида бирлик зарурлигини таъкидлаган.
“Сурия бир бутун бўлиб қолиши керак. Ижтимоий адолатни кафолатлаш учун давлат ва барча динлар ўртасида жамоатчилик шартномасини тузиш зарур”, дейди у.
БМТнинг гуманитар масалалар бўйича бош котиб ўринбосари Том Флетчер бугун, 17 декабрь куни Дамашқда Суриянинг янги раҳбарлари билан учрашувдан кейин "илҳомланганини" айтган ва "ҳаёт учун зарур бўлган гуманитар ёрдам кўламини сезиларли даражада кенгайтириш учун асос борлигини" таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Суриянинг янги расмийлари билан алоқаларни давом эттириш учун Дамашқдаги дипломатик ваколатхонасини қайта очиши хабар қилинган эди.
LiveБарчаси