Сибига Сурияда Жўлоний билан учрашди (видео)
Олам
−
30 Декабрь 2024
7303Бугун, 30 декабрь куни Суриянинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шаро (Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан танилган) мамлакат пойтахти Дамашқда Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига бошчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу учрашув Украина томонидан Сурияга “Украинадан дон” ташаббуси доирасида биринчи гуманитар озиқ-овқат ёрдамининг юборилиши билан бир вақтда бўлиб ўтган. Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг маълум қилишича, 500 тонна буғдой уни Сурияга БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури билан ҳамкорликда жўнатилган. Дон ва ёғ-мой маҳсулотларини етказиб берувчи асосий давлатлардан бири ҳисобланган Украина Сурияда Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилгач, мамлакат билан алоқаларни тиклашни мақсад қилмоқда.
Башар Асад ҳукуматининг бошқаруви даврида Сурия Россиядан буғдой импорт қилган, аммо янги ҳукумат шароитида тўловлардаги кечикишлар ва сиёсий ноаниқлик сабабли бу жараён тўхтатилган. Россия ва Сурияга қарши қўлланилган Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш учун яратилган молиявий ва логистика тизимлари ҳозирги пайтда қайта кўриб чиқилмоқда.
Бу жараён Россиянинг Суриядаги ҳарбий базалари – Латакиядаги Хмеймим авиабазаси ва Тартус денгиз иншоотининг келажакдаги мақоми борасида саволларни юзага келтирган. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу базаларнинг мақоми Дамашқдаги янги ҳукумат билан музокараларда муҳокама қилинишини таъкидлаган. Аҳмад аш-Шаро эса Сурия ва Россия ўртасидаги муносабатлар ўзаро манфаатларга хизмат қилиши лозимлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳусайн аш-Шаро Россия билан алоқаларни сақлаб қолиш ниятида эканини айтиб, мамлакатда тўрт йил ичида сайловлар ўтказишга ваъда берган эди.
LiveБарчаси