Ливан Бош вазири ҳам Жўлонийни йўқлаб Дамашққа борди
Олам
−
11 Январь
1370Ливан Бош вазири Нажиб Микати раҳбарлигидаги делегация Дамашққа бориб, Сурияни амалда идора қилаётган Аҳмад аш-Шаро (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний лақаби билан машҳур) ва муваққат ҳукумат Ташқи ишлар вазири Файсал аш-Шибонийдан иборат раҳбарлар билан учрашди. Бу ҳақда SANA хабар берди.
Қайд этилишича, кенгайтирилган тартибдаги учрашувдан сўнг Микати ва аш-Шаро ҳамкорликка оид қўшма матбуот анжумани ўтказган. Анжуман давомида аш-Шаро янги Сурия ҳукуматининг асосий устувор вазифаси ички вазиятни барқарорлаштириш ва Сурия-Ливан чегарасини аниқ белгилаш эканини қайд этган.
Микати эса қуроллар контрабандасига йўл қўймаслик учун Сурия ва Ливан чегарасини назорат қилишнинг аҳамиятини таъкидлаган.
Маълумот учун, ҲАМАС ва Исроил ўртасида уруш бошланганидан бери ушбу чегара Суриядан Ливанга “Ҳизбуллоҳ” учун Эрон қуролларининг контрабандасига бир неча бор фойдаланилган.
Эслатиб ўтамиз, Аҳмад аш-Шаро ўтган йил охирида Сурияда ҳокимиятни эгаллаганидан бери Дамашқда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан, Қатар Ташқи ишлар вазирлиги давлат вазири Муҳаммад ал-Хулайфий, Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига, Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро билан учрашди.