Суриянинг янги раҳбарияти илк ташриф билан Саудияга борди (видео)

Олам

image

Суриянинг муваққат ҳукумати делегацияси Саудия Арабистонига борди. Уларни мамлакат пойтахти Ар-Риёддаги Қирол Холид халқаро аэропортида Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири ўринбосари Валид ибн Абдулкарим ал-Хирейжий кутиб олди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.

Қайд этилишича, Сурия ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Асад Ҳасан аш-Шибоний бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонига илк расмий ташрифини амалга оширган.  Маълумотларга кўра, делегация таркибида мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мурхаф Абу Қасра, разведка хизмати раҳбари Анас Ҳасан Хаттоб ҳам бўлган. Ташриф Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал ибн Фарҳон Ол Сауднинг расмий таклифига биноан уюштирилган. Ташриф тафсилотлари ошкор қилинмаган.

“Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Файсал ибн Фарҳон Ол Сауднинг қиролликка ташриф буюриш ҳақидаги расмий таклифини мамнуният билан қабул қилдим. Бу илк расмий ташриф чоғида ўз мамлакатимга вакиллик қилиш мен учун катта шарафдир”, дейди аш-Шибоний.

Маълумот учун, Саудия Арабистони бошқа араб давлатлари қаторида 2012 йил Башар Асад режими билан дипломатик алоқаларни узган. Аммо ўтган йили Ар-Риёд алоқаларни тиклади ва Суриянинг Араб Лигаси таркибига қайтишида муҳим роль ўйнади. Бу жараён Асад режими ўтган ой исёнчилар томонидан ағдарилишидан олдин Сурия учун минтақавий изоляциядан чиқиш имконини берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Суриянинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шаро (Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан танилган) мамлакат пойтахти Дамашқда Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига бошчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказган эди. Ушбу учрашув Украина томонидан Сурияга “Украинадан дон” ташаббуси доирасида биринчи гуманитар озиқ-овқат ёрдамининг юборилиши билан бир вақтда бўлиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Саудия Арабистони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг