Франция ва Германия ТИВ раҳбарлари Жўлоний билан музокара ўтказди (видео)
Олам
−
03 Январь
4215Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро бугун, 3 январь куни Дамашқда Суриянинг амалдаги раҳбари Аҳмад аш-Шаро (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний лақаби билан машҳур) билан учрашувда Европа Иттифоқи Сурияда ҳокимиятнинг тинч ва инклюзив тарзда ўзгариши тарафдори эканини билдирди.
Бербок ва Барро Европа Иттифоқи номидан Сурия пойтахтида музокаралар ўтказди. Сафар давомида улар Дамашқ яқинида жойлашган, ағдарилган Башар Асад режимининг ваҳшийликлари тимсолига айланган Сайдная қамоқхонасига ташриф буюрди. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ҳукумат алмашганидан кейин 4000 дан ортиқ маҳбус озод этилган.
Дамашқда сўзлаган Барро "суверен, барқарор ва тинч" Сурияга умид билдирди. Бербок эса Германия Суриянинг "ишлаётган давлат"га айланишига ёрдам бермоқчи эканлигини таъкидлаб, ташрифни Сурия ва Германия, шунингдек, бутун Европа ўртасида янги муносабатлар ўрнатиш имконияти ҳақида Дамашққа "аниқ сигнал" сифатида баҳолади.
Сурияда ҳокимият тепасига келган, тарихан "Ал-Қоида"нинг Суриядаги бўлими билан боғланган ва кўплаб давлатлар томонидан террорчи ташкилот сифатида таснифланган "Ҳаят Таҳрир аш-Шом" (ҲТШ) ташкилотига нисбатан “шубҳали қарашларга” қарамай, Бербок “Сурия халқини ушбу муҳим чорраҳада қўллаб-қувватлаш имкониятини бой бермаслик керак”лигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Берлин “ҳокимиятнинг инклюзив ва тинч йўл билан ўтказилишини” ҳамда Сурияда фуқаролик ярашувини қўллаб-қувватлашга тайёр.
Бербок Суриянинг янги маъмуриятини "аҳоли гуруҳларига қарши қасос олиш ҳаракатлари", сайловларни кечиктириш ҳамда суд ва таълим тизимини "исломлаштириш" уринишларидан қочишга чақирди.
Сафар аввалида Барро Суриядаги насроний жамиятлари вакиллари билан учрашди. Дипломатик манбаларнинг билдиришича, Барро насроний етакчиларга Франция Сурияда плюрализм тарафдори эканини, бу мамлакатдаги барча гуруҳлар, жумладан, диний озчиликлар учун ҳам тенг ҳуқуқлар мавжудлигини айтди. У, шунингдек, асосан Сурия шимоли-шарқини назорат қилувчи курдлар билан боғлиқ муаммоларни “сиёсий ечим”га чақирди.
Бундан ташқари, Барро Дамашқда бўлганида Суриянинг янги ҳукуматини Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) билан имкон қадар тезроқ алоқага киришишга ва унга Асад ҳукумати кимёвий қурол арсеналларини текшириш ва йўқ қилиш имкониятини беришга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Суриянинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шаро (Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан танилган) мамлакат пойтахти Дамашқда Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига бошчилигидаги делегация билан музокаралар ўтказган эди. Ушбу учрашув Украина томонидан Сурияга “Украинадан дон” ташаббуси доирасида биринчи гуманитар озиқ-овқат ёрдамининг юборилиши билан бир вақтда бўлиб ўтган.
Жорий йилнинг илк кунларида эса Сурия ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Асад Ҳасан аш-Шибоний бошчилигидаги муваққат ҳукумат делегацияси Саудия Арабистонига борди. Уларни мамлакат пойтахти Ар-Риёддаги Қирол Холид халқаро аэропортида Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири ўринбосари Валид ибн Абдулкарим ал-Хирейжий кутиб олди.
LiveБарчаси