Бербок ва Барро кутилмаганда Сурияга борди
Олам
−
03 Январь
8276Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва унинг франциялик мавқедоши Жан-Ноэль Барро кутилмаган ташриф билан Дамашққа борди. Бу ҳақда ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бербок ва Барро Суриянинг янги раҳбарияти томонидан Дамашқда қабул қилинган йирик Ғарб давлатларининг биринчи Ташқи ишлар вазирларидир. Бербок Берлиндан жўнаб кетишидан олдин эълон қилинган Германия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида улар ташрифни “Европа Иттифоқи номидан” амалга ошираётгани айтилган.
Ҳужжатда айтилишича, Германия Сурияга “ҳокимиятни инклюзив, тинч йўл билан топшириш, ижтимоий ярашувга эришиш ва мамлакатни қайта қуриш”да ёрдам бериш ниятида. Хусусан, 2024 йилнинг 30 декабрь куни Германиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазири Свенья Шульце “Redaktionsnetzwerk Deutschland” нашрига берган интервьюсида Германия федерал ҳукумати Сурияга ёрдам берадиган бир қанча лойиҳаларда иштирок этади ҳамда бу мақсадлар учун жами 60 миллион евро ажратилишини маълум қилганди. Вазирнинг сўзларига кўра, бу пуллар Сурия расмийларига тўғридан-тўғри юборилмайди. Шульценинг таъкидлашича, Сурияда Башар Асад режими қулагандан кейин гуманитар вазият ҳалокатли ҳолатда қолиб кетмоқда, мамлакат аҳолисининг 90 фоизи қашшоқликда яшайди ва инсонпарварлик ёрдамига муҳтож. 2011 йилдан бери давом этган фуқаролар уруши пайтида маҳаллий инфратузилманинг катта қисми вайрон қилинган.
Анналена Бербокнинг сўзларига кўра, Германия ва Сурия, шунингдек, бутун Европа ва Сурия ўртасидаги муносабатлар янгиланиши мумкин, аммо бу Дамашқдаги янги раҳбарларнинг берган аниқ умидлари билан боғлиқ. Бу, шунингдек, Суриядаги аёллар ва эркаклар, шунингдек, мамлакатдаги барча этник ёки диний гуруҳлар учун тенг ҳуқуқларни назарда тутади.
Бербок ва Барронинг ташрифи олдидан Германия Ташқи ишлар вазирлигининг Яқин Шарқ бўйича комиссари Тобиас Тункел бошчилигидаги бир гуруҳ немис дипломатлари 17 декабрь куни Дамашқда Аҳмад аш-Шаро билан учрашди. Европа Иттифоқи ҳам Суриянинг янги расмийлари билан алоқа ўрнатишга киришди. Брюссель номидан немис дипломати Майкл Онмахт декабрь ойининг иккинчи ярмида Дамашққа ташриф буюрганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия Дамашққа ёрдам бериш учун илгари сураётган шартларни ва саккиз банддан иборат режани тақдим этганди. Башар Асад режими ағдарилганидан кейин Сурияни қўллаб-қувватлаш режасини Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок тақдим этган. У ҳокимиятнинг тинч йўл билан ўтказилишини биринчи ва энг муҳим нуқта деб атаган.
LiveБарчаси