Суриянинг янги раҳбарияти БААга борди
Олам
−
06 Январь
4879Сурия муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Асад Ҳасан аш-Шибоний расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига (БАА) борди. Бу ҳақда Суриянинг SANA ахборот агентлиги хабар берди.
Аш-Шибоний бошчилигидаги делегация таркибида Сурия мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мурхаф Абу Қасра ва Бош разведка хизмати раҳбари Анас Ҳасан Хаттоб ҳам бор. Билдирилишича, Суриянинг янги расмийлари вакиллари БААда “мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш истиқболларини” муҳокама қилади.
БАА республикада ҳокимият алмашганидан кейин Сурия ҳукумати делегацияси ташриф буюрган учинчи давлат бўлди. Бир кун аввал аш-Шибоний, Абу Қасра ва Хаттоб Қатарга ташриф буюриб, у ерда ҳукумат раҳбари, Амирлик Ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдул Раҳмон Ол Соний билан учрашди.
Январь ойи бошида улар Ар-Риёдда Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд билан музокаралар ўтказганди. Сурия делегацияси яқин кунларда Иорданияга ташриф буюришни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 3 январь куни Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро Дамашқда Суриянинг амалдаги раҳбари Аҳмад аш-Шаро (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний лақаби билан машҳур) билан учрашиб, Европа Иттифоқи Сурияда ҳокимиятнинг тинч ва инклюзив тарзда ўзгариши тарафдори эканини билдирганди. Сурия фуқаро авиацияси ва ҳаво транспорти бошқармаси бошлиғи Ашҳад ал-Салибий эса Дамашқ аэропорти эртага, 7 январдан эътиборан халқаро рейсларни қабул қилиш ва жўнатишни бошлашини маълум қилди.
LiveБарчаси
07 Январь