Қанча оёқ, қўл, бош учиб кетиши керак? – Зеленский АҚШдан Украина узра парвозни тақиқлашни сўраяпти
Олам
−
04 Март 2022 16861 4 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Европа Иттифоқи ва АҚШнинг мамлакат осмонини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилишига умид билдириб, уларга бу борада муддат белгилашни таклиф қилди.
Агар бунинг иложи бўлмаса, Зеленский Киевга ҳарбий самолётлар беришни сўради.
“Мен сиздан осмонни ёпишингизни илтимос қиламан, агар осмонни ёпишга кучингиз, қудратингиз етмаса, менга самолётлар беринг. Ёки бу адолатсизликми?”, деган Владимир Зеленский хорижий ОАВга берган интервьюсида.
Украина Президенти Ғарбдаги шерикларидан мамлакат осмонини ёпиш бўйича муҳлат беришни ҳам сўраган.
“Агар ҳозир осмонни ёпа олмасангиз, муддатни белгиланг. Агар буни ҳозир қила олмасангиз, айтинг-чи, сизга етиб бориш учун қанча одам портлаши, қанча қўл, оёқ, бош учиб кетиши керак? Қанчалигини айтинг, мен бориб ҳисоблаб, шу дақиқани кутаман”, деган Зеленский.
Унинг фикрича, Украинани ҳарбий авиация билан таъминлаш қарори АҚШ ва Полшага боғлиқ.
“Бизга самолётлар керак, бу муаммони ҳал қилиш бугун Польша ва АҚШда. Мен уларни айбламайман, чунки улар жуда кўп ёрдам қилишяпти ва мен миннатдорман. Ким кўпроқ ёрдам қила олишини билмайман”, дея Зеленский.
Зеленский ҳарбий авиациясиз Украина катта йўқотишларга учраганини тан олган.
Қайд этиш керакки, Зеленский биринчи марта Украина осмонини ҳарбий самолётлар учун ёпишни сўраб АҚШга мурожаат қилди. Бироқ Вашингтон ҳам, унинг иттифоқичилари ҳам бу Россия билан кенг кўламли урушга олиб келишидан ҳадиксирамоқда.
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остиннинг сўзларига кўра, Украина узра учиш тақиқланган ҳудуд ташкил қилиш Россия билан урушга сабаб бўлиши мумкин.
“АҚШ Президенти Жо Байден Америка қўшинлари Украинада Россияга қарши жанг қилмаслигини аниқ айтди. Учиш тақиқланган ҳудудни ташкил қилгач, уни сақлаб қолиш Россия самолётлари билан тўқнашишни талаб қилади. Бу бизга Россия билан уруш хавфини келтириб чиқаради”, деган Остин.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.