Қамоқдан чиққан тадбиркор, сўроқ қилинган ҳожилар, бўшатилган ДИҚ раҳбарияти ва бошқа хабарлар

Жамият

Август ойи ва ёзнинг сўнгги куни ҳам охирлаб қолди. Қуйида Ўзбекистон ва халқаро майдонда юз берган воқеаларнинг энг муҳимларига тўхталиб ўтамиз.

“Олтинни кўп ушлаб туришимиз керак эмас,” — Молия вазири ўринбосари

Ўзбекистоннинг халқаро резервлардаги пули ҳозирда 22 млрд долларни ташкил этади. Қайд этилишича, бу қийматнинг ярми олтин, ярми валюта кўринишида. Фақат банкларга депозит қўявермасдан босқичма-босқич молиявий бозорларга чиқишни ҳам йўлга қўйиш керак. 

“Шу орқали депозитлардан кўра кўпроқ фойда олиб келиш имкониятлари мавжуд. Олтинни ҳам аслида кўп ушлаб туришимиз керак эмас. Олтин ўзи кўп, у бизга ҳеч қанақа пул келтирмайди. Олтинни пул келтирадиган, фоиз ҳисобида фойда келтирадиган нарсаларга тикиш керак”, деди Одилбек Исоқов.

2020 йилдан ЁИ тизимидаги бир қатор ташкилотлар ёпилиши мумкин

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ўтган вақт давомида ўзига юклатилган вазифани бажара олмаган бир қатор ташкилотлари оптимизация қилинади ҳамда тизимда мафкуравий жиҳатдан ўзига ўхшаган ташкилотлар билан бирлаштириб юборилади. 

Бу ҳақда ЁИ вакили Нодир Абдуқодиров “Ёшларда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарни шакллантириш” мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилди.

Президент Шаҳидлар хотираси хиёбонига борди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни эрта тонгда Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюриб, қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этди. Қуръон тиловат этилиб, халқимиз озодлиги учун фидо бўлган инсонлар ҳақига дуо қилинди. Анъанага кўра, элга ош тортилди.

Ҳоким ўринбосарини ёқиб юборган яккабоғлик тадбиркор озодликка чиқди

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосарини устига бензин сепиб ёқиб юборган тадбиркор Баҳриддин Исомов қайта суд-психология экспертизаси хулосасидан сўнг кеча, 29 август куни қамоқдан озод этилди.

Ҳаждан қайтган зиёратчилар нега сўроқ қилинди? ДХХ изоҳ берди (видео)

Жорий йилнинг 29 август куни хорижий оммавий ахборот воситаларида ўзбекистонлик зиёратчиларнинг бир гуруҳи Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга қайтганида, Тошкент халқаро аэропортида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бир неча соат давомида сўроқ қилингани, уларнинг паспортлари олиб қўйилгани ҳақида хабар тарқатди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати шундай мазмундаги хабарларни рад этувчи фактларни келтирди.

“Шарқ тароналари” бош совринини Консерватория талабаси қўлга киритди

Кеча, 30 август куни Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали якунланди. 26-30 август кунлари дунё санъат аҳлининг бош саҳнасига айланган Регистондаги амфитеатрда “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти лавозимидан озод этилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита (ДИҚ) раҳбарияти лавозимидан озод қилинди. 

QALAMPIR.UZ манбасининг хабар беришича, қўмита раиси Жасур Акромов, раис ўринбосари - Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази директори Нуриймон Абулҳасан ишдан олинган.

Эронда ракета портлади

Эронда ракетани учириш муваффақиятсизлик билан якунланди. Ракета Семнан провинциясида жойлашган космодром портлаб кетди. "Нахид-1" сунъий йўлдоши бўлган ракета Ердан кўтарила олмади ва учиш майдончасида портлади. Ҳозирда олимлар гуруҳи муаммо устида ишламоқда.

АҚШда футбол матчи фожиали якунланди

АҚШнинг Алабама штатида мактаб футбол жамоалари ўртасидаги ўйин фожиали якунланди. Отишма кеча, 30 август куни Мобил шаҳри Лэдд-Пибл стадионидаги футбол матчидан кейин юз берган отишма натижасида икки киши ҳалок бўлган. Ҳодисада 15-18 ёшлардаги 10 нафар бола жабрланиб, шифохонага ётқизилган. Жароҳатланганларнинг 5 нафари оғир аҳволда.

Бир тоифа қонунбузарлик учун жарималар 111,5 млн сўмгача оширилди

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Қонунга биноан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг қатор моддаларига ўзгартириш киритилди.

Кўксаройда мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан турли соҳаларда фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз ва мамлакатимиз билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётган хорижликларни фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирлашга оид фармонни имзолаган эди. 

31 август куни Кўксаройда ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. 

Эртага Ўзбекистон тарихидаги энг катта мушакбозлик намойиши ўтказилади

Эртага, 1 сентябрь куни соат 21:00 да Тошкентда Ўзбекистон тарихида энг баланд ва энг чиройли мушакбозлик намойиши ўтказилади. Мушакбозликнинг баландлиги 350 метр бўлиши қайд этилмоқда. Намойишда 9 дақиқа давомида 2 723 та ранг-баранг ёғду порлайди. Мушакбозлик “Халқлар дўстлиги” санъат саройининг орқа томонида амалга оширилади.

Путин масжид масаласида Рамзан Қодировнинг фикрига қўшилмади

Россия Президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг дунёдаги энг чиройли масжид ҳақидаги сўзларига қўшилмади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг