Кўксаройда мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди
Жамият
−
31 Август 2019
5169Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев куни кеча Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан турли соҳаларда фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз ва мамлакатимиз билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётган хорижликларни фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирлашга оид фармонни имзолаган эди.
31 август куни Кўксаройда ана шу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Президен йиғилганларни, уларнинг тимсолида жойларда давлат мукофотларини қабул қилиб олаётган барча ўзбекистонликларни муборакбод этди.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда катта ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва уларнинг дастлабки натижалари кўзга ташланаётгани таъкидланди.
“Халқ билан мулоқот ҳеч қачон бундай бўлмаган. Одамларни эшитсак, режамиз тўғри бўлади. Ҳамма ҳудудлар ва соҳалардаги ўзгаришлар – халқимиз билан биргаликда қилаётган ишларимиз самараси”, деди Президент.
Ўзбекистоннинг халқчил, инсонпарвар сиёсатини дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Ташқи сиёсат ҳам, ички сиёсат ҳам кенг кўламли мулоқот ва муносабатлар асосида, уйғун ҳолда олиб борилмоқда.
“Биз учун биттаю битта тўғри йўл, ягона мақсад миллатимиз, халқимиз, жонажон Ўзбекистонимиз манфаатини юқори тутишдир. Бунинг учун доимо етти марта ўлчаб, бир марта кесадиган сиёсат олиб боришимиз керак. Олдимизда мураккаб вазифалар турибди. Халқимизга, сизлар каби мард ва шижоатли юртдошларимизга ишониб, маррани катта олдик”, дея таъкидлади давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев маросимга йиғилганларни номма-ном тилга олиб, давлат мукофотлари билан табриклади. Уларни Ватанимизнинг асл фарзандлари, виждони пок, қалби уйғоқ одамлар деб атади. Самарали фаолияти, ҳалол ва фидойи меҳнати, ёшларга ибрат бўлаётгани учун уларга миннатдорлик билдириб, эзгу тилакларини изҳор этди.
Президент тақдирланган юртдошларимиз ва хорижлик дипломатларга мукофотларни тантанали равишда топширди.
“Мана шундай мукофот олиш ва унга муносиб бўлиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Бугун сизлардаги қувонч, кўтаринки кайфиятдан мен ўзим учун ҳам катта куч, катта қувват олдим. Барчангизни Мустақиллик куни билан яна бир бор чин қалбдан табриклайман”, деди Президент.
Мукофотланганлар юксак эътибор учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди.
LiveБарчаси