“Шарқ тароналари” бош совринини Консерватория талабаси қўлга киритди
Жамият
−
31 Август 2019
7358Кеча, 30 август куни Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали якунланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
26-30 август кунлари дунё санъат аҳлининг бош саҳнасига айланган Регистондаги амфитеатрда “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Дастлаб, фестиваль қатнашчилари “Энг яхши либос ва мусиқа уйғунлиги”, “Меҳр-оқибатни тараннум этгани учун”, “Шарқ халқлари мусиқа санъати жонкуяри”, “Анъаналарга содиқ жамоа”, “Қадриятлар давомчиси” каби номинациялар бўйича тақдирланди. Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа ташкилотларнинг махсус мукофотлари топширилди.
Номинация ғолибларига диплом, 500 АҚШ долларидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.
Саҳнага Тожикистон (“Бадахшон” жамоаси) ва Россия (“Айархан” жамоаси)дан келган жамоалар ҳамда Ўзбекистон вакиллари – Азизжон Абдуазимов ва Улуғбек Элмуродзода таклиф этилди. Уларга фестивалнинг учинчи даражали дипломлари, 2 минг АҚШ долларидан пул мукофоти ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Иккинчи ўринга Туркманистоннинг “Арчабил” ва Мўғулистоннинг “Хатан” жамоалари сазовор бўлди. Уларга 3,5 минг АҚШ долларидан пул мукофоти, диплом ва бошқа совғалар топширилди.
Фестивалнинг профессионал халқ мусиқа ва қўшиқлари ҳамда анъанавий йўлда ижод қилинган замонавий мусиқа ёки қўшиқ йўналишлари бўйича биринчи ўринга Қирғизистонинг “Қомузчилар” дуэти ҳамда Озарбайжондан келган Парвиз Гасимов муносиб, деб топилди. Уларнинг ҳар бири 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини – Гран-при Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Меҳринигор Абдурашидовага берилгани маълум қилинди.
Маросим қатнашчилари Меҳринигорни қизғин олқишлар билан қўллаб-қувватлади.
Маросимда ўзбекистонлик санъат усталари ва ёш ижрочилар, фестиваль ғолиблари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари 2021 йилда яна Самарқандда учрашиш ниятида хайрлашди.
Фестиваль ғолибларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь