Ҳоким ўринбосарини ёқиб юборган яккабоғлик тадбиркор озодликка чиқди

Жамият

image

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосарини устига бензин сепиб ёқиб юборган тадбиркор Баҳриддин Исомов қайта суд-психология экспертизаси хулосасидан сўнг кеча, 29 август куни қамоқдан озод этилди. Бу ҳақда тадбиркорнинг адвокати Музаффар Абидов маълум қилди.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Қарши университети психология факультети олимларидан иборат экспертлар гуруҳи 24 август куни Баҳриддин Исомов тўғрисида “ўша хатти-ҳаракатни содир этган вақтида аффект ҳолатида бўлган” деб хулоса берган. Ушбу хулоса асосида, Яккабоғ тумани прокурори санкцияси билан айблов Жиноят кодексининг 97-моддаси (“Қасддан одам ўлдириш”)дан 98-модда (“Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдириш”)га қайта малакаланиб, айблов енгиллашгани муносабати билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси бекор қилинган.

Адвокатнинг айтишича, Баҳриддин Исомов шу билан учинчи марта руҳий экспертиза қилинган. Аввалроқ, жиноий иш қўзғатилгач, у суд-психиатрия экспертизасидан ўтказиш учун Тошкентга жўнатилгани ҳақида хабар қилинган эди. Республика суд-экспертиза марказида ўтказилган суд-психиатрия текширувида, процессуал қонунчиликка асосан унинг умумий руҳий аҳволини ўрганилиб, ижобий хулоса берилган. Шундан сўнг айбланувчининг жиноий қилмишни содир этиш чоғида аффект ҳолатида бўлган-бўлмаганини аниқлаштириш мақсадида суд-психологик экспертиза тайинланган.

Адвокат экспертиза ушбу масалага юзаки ва бир томонлама қараб, айбланувчининг руҳий аҳволини ҳисобга олмаганини айтди.

“Психолог мутахассислар ҳимоямдаги шахс билан ҳатто бирор марта суҳбатлашмаган ҳам. Унинг айбланишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатнинг содир этилишидаги вазият, мотивлар пухта ўрганилмаган. Шунчаки, тергов материаллари нари-бери варақланиб, “бу одам ўз хатти-ҳаракатларига жавоб бера олади”, деган мазмунда хулоса тайёрлашган!”, дейди адвокат.

Бундан хабар топган Музаффар Абидов вилоят прокурорига илтимоснома ёзиб, ҳимояси остидаги шахсга қайта экспертиза тайинланишига эришади. Бу сафар Қарши университети психолог олимларидан ташкил топган экспертлар Исомовнинг руҳиятини ва тергов материалларини синчиклаб ўрганиб чиқишгач, жамиятда катта резонанс келтириб чиқарган “Яккабоғ воқеаси” асосий иштирокчиларидан бўлган маҳаллий тадбиркорнинг ўша вақтда аффект, яъни кучли руҳий ҳаяжонда бўлганини тасдиқлаган.

Иш қайта малакаланиши билан бирга тергов тугатилиб, материаллар судга тақдим қилинган.

Маълумот учун, ЖКнинг 98-моддасида кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан одам ўлдирганлик учун 2 йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 июль куни соат 17:30 ларда 1976 йилда туғилган Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев. “Ҳисор Сарлочин” МЧЖга тегишли савдо дўконларини бузиш ишларини ташкиллаштираётган вақтда мазкур жамиятда ишловчи, 1963 йилда туғилган фуқаро Бахриддин Исомов ўзига тегишли савдо дўконини бузилишига фаол қаршилик кўрсатиб, Мансур Туймаевнинг юз қисмига елим идишда бўлган бензин ёқилғисини сепиб, уни ёқиб юборган. Руй берган воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишлари бошланган.

27 июль куни Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов “Эски Яккабоғ” қўрғонида бўлиб, ҳолат юзасидан вилоят масъуллари билан мулоқот қилган. Абдусалом Азизов Баҳриддин Исомовга тегишли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш дўкони бетон ғиштдан қурилган бино эканини таъкидлаб, бу бинони бузишга уринган туман масъуллари ишини қоралаган. Туман ҳокими, воқеа “қаҳрамони” Туймаев ҳамда туман прокурори ишдан олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Яккабоғ Баҳриддин Туймаев

Баҳолаганлар

105

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг