Қашқадарёда мактаб директори ўқувчилар ўртасида “калла уриштириш” ўтказди (видео)
Жамият
−
09 Март
15798Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятидаги мактаблардан бирининг директори ўғил болаларнинг бошини бир-бирига уриштириб, калтаклаётгани тасвирланган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан QALAMPIRʼUZ Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг ахборот хизмати раҳбари Жавоҳир Рустамов билан боғланди.
Унинг маълум қилишича, воқеа бундан бир йил аввал, 2023 йилнинг январь ойида вилоятнинг Яккабоғ туманидаги 80-мактабда содир бўлган.
Қайд этилишича, мактаб раҳбари Т. А. 2018 йилдан буён 80-мактаб директори лавозимида ишлаб келмоқда. 2023 йил 13 январь куни мактабнинг 6-синф (ҳозирда 7-синф) ўқувчилари Қ. А. ҳамда Т. Э. синфхонаси парталарини синдиришга уринган. Бу муҳокамада директор хонасида кадрлар менежери ва бошланғич синф ўқитувчилари ҳам бўлган.
Рустамовга кўра, ҳозирда мактаб директорининг фаолияти юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда. Бошқарма бу каби ҳолатларни қоралайди ва директорнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ўрганилиб, унга нисбатан ҳуқуқий чора кўрилишини билдиради, қўшимча равишда ҳолат Яккабоғ туман ИИБ масъул ходимлари назоратига ҳам олинган.
"Ушбу мактаб фаолияти алоҳида тартибда меҳнат қонунчилигига асосан ўрганилаётганлигини ва ўрганишлар якуни юзасидан батафсил расмий ахборот берилишини маълум қиламиз", дейди ахборот хизмати раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг оммавий соч олиш “маросим”и ўтказилган эди.