Яккабоғлик тадбиркорнинг ўғли “калаванинг учи”ни айтиб берди

Интервью

image

Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевни ёқиб юборган тадбиркор Баҳриддин Исомов суд-психиатрия экспертизасидан ўтказиш учун Тошкентга олиб келингани ҳақида хабар берган эдик.

Баҳриддин Исомов Тошкентдаги 1-сонли тергов изоляторига жойлаштирилган. У ҳозирда 15 кунлик карантинда.

Жорий йилнинг 20 июль куни тадбиркор Баҳриддин Исомов товон пулини тўламай, аввалдан огоҳлантирмай икки қаватли дўкон ва цех биносини бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосари устига бензин сепиб, ёқиб юборган эди. Дўкон ва цех кредит маблағларига қурилган.

Ҳоким ўринбосари шифохонага ётқизилиб, шу куниёқ туман прокуратураси томонидан Исомовга нисбатан Жиноят кодексининг 25-, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва у ЖКПнинг 221-моддаси бўйича қўлга олинганди.

27 июль куни Яккабоғ туман ҳокими Шоҳмурод Донаев, туман прокурори Жамшид Ҳалилов ёқиб юборилган ҳоким ўринбосари Мансур Туймаев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Туймаевга нисбатан ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўша куни Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Яккабоғга борди. У тадбиркорнинг бетон ва ғиштдан қурилган биноси нега “снос”га тушганига ҳайрон бўлиб, ҳоким ўринбосарининг ҳаракатини қоралади.

QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова Баҳриддин Исомовнинг ўғли Шарофиддин Даминов билан боғланди. У отасининг қамоқхонадаги аҳволи ҳақида сўзлаб берди.

“22 июль куни отам билан учрашув ташкил қилинди. Ёнма-ён 20-30 дақиқа сухбатлашдик. Кўринишлари унчалик ҳам яхши эмасди. Тазйиқ ўтказилгани ёки ёмон муносабатда бўлинганини сезмадик, лекин қўлларидаги яра битмаганди. Қандли диабет касалликлари бўлгани сабабли оддий яра нормал уй шароитида битиши ҳам қийин кечарди.

Бир неча кун олдин ҳам отам бизга қаттиқ тайинлаб, “ҳеч ким қаршилик кўрсатмайди, мен ҳали шу ердаман, ҳокимият ёки ИИБ ходимларига қўл кўтарманглар улар келсин, талабини айтсин қонуний хатти-ҳаракати бўйича ҳужжатларини кўрсатсин. Шунга қараб иш кўрамиз. Биз шу вақтгача Давлат сиёсатига қарши бўлмаганмиз”, деганди.

Компенсация пулини тўлаб берсанглар биз бинони топширамиз, деганмиз. Воқеа жойида бўлмаганман, лекин видеода кўриб турибманки, 2-қаватда салон ва тикувхонадаги ишчи қизлар тушиб келаётгани яққол кўринади. Бульдозер билан урилаётган вақтида бинода одамлар бўлган. Зинапояда ойим, укам, момом бўлишган. Шуларни кўра-била туриб бульдозер ҳайдаб, бинони бузишга уриняпти. Ичкарида 1-қаватда ҳам ишчилар бўлган, лекин шунда ҳам тўхтатмаган.

Нима учун ИИБ ходимлари бинодаги одамларни чиқармади? Бузиш ниятида экан, нима учун одамларни ўйламаяпти, бошқа иш билан шуғулланиб томоша қиляпти...

Огоҳлантириш хатини 20 июль санаси билан 22 июль куни берди. Унгача бизга огоҳлантириш хати берилмаган, фақат таҳдид қилинган. Сизни уйингизга биров келиб, оғзаки равишда чиқ бўшат деса, ҳеч қандай хат-ҳужжатсиз уйингизни бўшатмайсиз-ку. Давлатимизда қонунлар бор. 

Биз улардан нима сабабдан бинони бўшатишимиз кераклиги ва улар нега уни бузмоқчи эканини сўраб ҳужжат талаб қилганмиз. Вилоят ҳокимлигига ёзган хатларимизнинг ҳаммасига ҳар хил жавоб берилганди. Бир сафар қизил чизиққа тушган, яна бир сафар сув қувури ўтади, кўча чиройини бузяпти деган турли баҳоналар эшитганмиз. Ана шу бизни қизиқтириб қўйди” деб таъкидлади Шарофиддин Даминов.

Исомовнинг ўғли сўзида давом этиб, қарор бошқа ер бўйича чиқарилгану, исм-фамилияга отамнинг маълумотлари кетиб қолган деб иддао қилди.

“Вилоят ҳокимлигига ёзган хатимизга жавобан бошқа бировнинг ери тўғрисидаги қарорни қўйиб фамилияга дадамнинг исмини ёзиб берган. Биз ерни 2013 йилда олганмиз. Улар 2005 йилдаги қарорни қўйиб, бино бузилади деб, жавоб беряпти. Бу бўйича вилоят ҳокимига ҳам хат жўнатдик. Улар адашиб кетганмикан, ё бу ерда бошқа гап борми деб, ўйладик. Аниқлик киритиш учун вилоят Архивига бориб, қарордан нусха сўрадик. Негаки шубҳалана бошлагандик. Архивдан қарорни олиб қарасак, дўконимиздан тахминан 200 метр узоқликдаги йўлнинг ҳимоя зонасига тушган ва аллақачон бузилган дўконнинг қарорига дадамнинг исм-фамилиясини қўйиб, хатимизга жавоб бериб юборган экан.

Ноқонуний хатти-ҳаракат бўлгани учун бизнинг қароримизни беринглар деб, талаб қилдик. Биз вилоят ва туман ҳокимлигига дўконимиз қизил чизиққа тушмагани юзасидан хат ёзганмиз”, деди Шарофиддин Даминов.

У айтганларининг исботи сифатида туман ҳокимиятидан отасига юборилган жавоб хати, ер ажратиш тўғрисидаги туман ҳокими қарорларининг суратини ҳам тақдим этди.

Ҳақиқатдан ҳам туман ҳокимияти жавоб хатида 2005 йил 17 декабрь куни чиқарилган қарор маълумотларидан фойдаланган. Қуйида қарор билан танишишингиз мумкин.

Баҳриддин Даминовга ер ажратиш тўғрисидаги ҳоким қарори.

2005 йилдаги фуқаро Бекмурод Жўраевга ер ажратиш тўғрисидаги қарор.

Яккабоғ ҳокимиятининг тадбиркор Баҳриддин Исомовга йўллаган жавоб хати.

QALAMPIR.UZ`ни кузатишда давом этинг. Тез орада Баҳриддин Исомовнинг адвокати Музаффар Одилов билан ҳам суҳбатни тақдим этамиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Яккабоғ Баҳриддин Исомов Мансур Туймаев Шарофиддин Даминов

Баҳолаганлар

330

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг