ДХХ раиси Яккабоғга борди. У ҳоким ўринбосарининг ҳаракатини қоралаяпти

Жамият

image

Кеча 27 июль куни оқшом соатларида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманининг “Эски Яккабоғ” ҳудудида бўлиб, ҳолат юзасидан вилоят масъуллари билан мулоқот қилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари Бозор Азизов маълум қилмоқда.

Бозор Азизовга кўра, Абдусалом Азизов Баҳриддин Исомовга тегишли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш дўкони бетон ғиштдан қурилган бино эканлигини таъкидлаб, бу бинони бузишга уринган туман масъуллари ишини қоралаган.

“Одатда пахса девордан бўлган ёки бугунги кун талабига жавоб бермай қолган бино бузилади-ку, нега тадбиркорнинг бу биносига тегилди?”, дея қаттиқ койиб гапирган Абдусалом Азизов.  

ДХХ раиси шунингдек, бугунги кун тадбиркорлари халқни боқаётганини, шу боисдан ҳам тадбиркорга ҳалал бериш ўрнига, унга ёрдам бериш зарурлигини таъкидлаган.

Маълум қилинишича, ДХХ раҳбари билан бўлиб ўтган мулоқотда Эски Яккабоғ ҳудуди бир ҳафта мобайнида “Обод марказ”га айланиши лозимлиги, бунинг учун вилоятдан керакли ёрдам берилиши айтилган. Қолаверса, туман ҳокимлиги вакилларининг хатти-ҳаракатларидан азият чеккан фуқаролар Низом Воҳидов, Дилфуза Боқиева, Фарруҳ Жабборов ҳамда Зафар Жўраевлар каби уй-жойи бузилган 7 нафар фуқарога ҳамда ҳовли деворлари бузилган 27 нафар фуқарога 1 млрд 700 миллион сўм конпенсация пуллари тўлаб берилиши таъкидланган.

Бозор Азизовнинг қўшимча қилишича, туманга ҳозирча янги раҳбар тайинланмаган.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев тадбиркорга тегишли бинони бузишга киришган бир вақтда, тадбиркор ўзига тегишли бинонинг бузилишига фаол қаршилик кўрсатиб, ҳоким ўринбосарининг устига бензин сепган ва уни ёқиб юборган. 

Ҳодиса оқибатида туман ҳокими ўринбосари танасининг 35-40 фоизи куйиб, шифохонага ётқизилган. Фуқаро Б.И.га нисбатан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур воқеадан сўнг, зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда давлат раҳбари ҳокимларни қуйидагича огоҳлантирди. 

“Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман – асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт”.

Кеча, 27 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида эса Президентнинг тадбиркорларнинг мол-мулки дахлсизлиги ва уни бузиш ҳамда уларга зарар етказиш қатъий тақиқланиши бўйича берган топшириқларини бузганлиги учун Яккабоғ тумани ҳокими (Донаев), туман прокурори (Халилов) туман ҳокимини қурилиш масалалари бўйича ўринбосари (Туймаев)нинг хатти-ҳаракатлари кескин танқид қилинди ва эгаллаб турган вазифасидан озод этилди.

Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев Хуррамович ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдусалом Азизов Яккабоғ тумани

Баҳолаганлар

118

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made