Йиқилганда ер тишлаганлар. Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Эшитган бўлишингиз аниқ: Қўқонда бир одам чиққанмиш. Ўламан деб ер бағирлаб ётган эркагу аёлга бир тегинса, ҳалиги ўзини касалга солиб ётганлар диконглаб югуриб кетаётганмиш. Камига бунга Тошкентдаги қайси бир клиника ҳам шерикмиш. Ўлай деб ётган беморни реанимобилга солиб, Тошкентда докторга қирон келгандек Қўқонга олиб бораётганмиш. Ҳа, ошинг ҳалол бўлса, кўчада ичмайсанми, беморни Қўқонга олиб борибсан, нега машина рақамини беркитиб қўйдинг. Ё келишув шундай бўлганмиди?! Мен сизга айтсам, шунақа одамлармиз: шифокорларни дўппослаймиз, куф-суф қилиб, елкамизни қоқиб қўйганларнинг эшиги остида сарсону саргардонмиз. 

Алламжоновга суиқасд ортидан бир неча амалдор лавозимидан озод этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд теварагидаги ишлар кундан кунга авж олмоқда. Ўтган ҳафта охири ва жорий ҳафтада одамлар тилидан Алламжонов ва унга суиқасд ортидан лавозимидан озод этилганлар, қўлга олинганлар номи тушмади. Суиқасдга уринишдан қарийб бир ой ўтиб, қотилликка уринишда алоқадорликда гумонланган Ўзбекистон фуқароси Жавлон Юнусов Жанубий Корея Республикасида қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий ахборот ёйинлади. Бироқ бугунгача мамлакатдаги бирор ҳуқуқ-тартибот идораси Жавлон Юнусовнинг қидирувга берилганини эълон қилмаган эди. Юнусов қандай шаклда ва қайси хизматлар орқали ушлангани эса ҳозирча номаълум.

Бош прокуратуранинг билдиришича, тергов ҳаракатлари давомида ҳодиса содир бўлган жойни ва айбланувчилар бошқарувида бўлган автомашиналарни кўздан кечириш ҳамда улар истиқомат қилган хонадонларда ўтказилган тинтувларда ишга алоқадор бўлган ашёвий далиллар аниқланиб олинган.

Ўтказилган тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган жами 7 нафар шахс аниқланиб, 5 нафарига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган, шунингдек, 2 нафарига нисбатан қидирув эълон қилинган эди. Улардан бири Юнусов Кореяда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинган бўлса, иккинчисининг Қозоғистон Республикасида яширинган манзили аниқланиб, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари олиб борилган. Бош прокуратура хориждаги иккинчи гумондорнинг Ўзбекистонга олиб келиниши ҳақида миқ этмаган.

Бу орада эса Ўзбекистон сиёсатида туб бурилишлар юз берди. Давлат хавфсизлик хизматини 2019 йилдан буён бошқариб келаётган генерал-лейтенант Абдусалом Азизов лавозимидан озод этилиб, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши захирасига олинди. Унинг ўрнини эса Мудофаа вазири лавозимига тайинланганига бор-йўғи икки кун бўлган Баҳодир Қурбонов эгаллади. Мудофаа вазири лавозимига эса шу кунгача вазирнинг биринчи ўринбосари – Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Шуҳрат Холмуҳаммедов тайинланди.

Шунингдек, ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят қидирув хизмати бошлиғи полковник Аҳроржон Атхамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Дониёр Тошхўжаев, Тошкент шаҳар ИИББ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи подполковник Темур Собиров, Давлат хавфсизлик хизматининг Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи полковник Алижон Ашуров, унинг укаси, Бош вазир ёрдамчиси – Бош вазир қабулхонасининг мудири Сарвар Ашуров ҳам лавозимидан озод этилди.

Ҳозиргача Президентга яқин амалдорлардан бири сифатида кўрилган Алламжоновга суиқасд борасида на Комил Алламжоновнинг ўзи ва на Президент Администрацияси сўз очмай келмоқда. Бош прокуратура эса воқеага Қибрайдаги ҳолат дея шартли ном бериб келаётган эди. Фақат жорий ҳафтада берилган ахборотда илк бор Алламжонов номи тилга олинди.

Яҳудий раввин ўлимида уч нафар ўзбекистонлик айбланяпти

Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Чабад-Лубавич ҳаракати аъзоси, бутун дунё бўйлаб яҳудийларнинг тарғиботини олиб борувчи раввин Цви Коган Бирлашган Араб Амирликларида ўлик ҳолда қотиллик аломатлари билан топилган эди. Орадан кўп ўтмай унинг ўлимида уч нафар ўзбекистонлик айбланаётгани ўртага чиқди.

Гап шундаки, Цви Коган 21 ноябрда БАА ҳудудида йўқолган. Орадан 3 кун ўтиб, 24 ноябрда унинг жасади топилди.

25 ноябрга келиб, раввиннинг сирли ўлими атрофидаги қатор жумбоқлар очила бошлади. Ўлим ҳақида чиққан хабарлар эса ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегменти учун кутилмаган янгилик бўлди. Негаки, дастлаб “The Times of Israel” нашри Цви Коганнинг ўлимида Ўзбекистон фуқаролари гумон қилинаётгани ҳақида хабар берди. БАА полицияси раввинни ўлдиришда гумонланган уч ўзбекистонлик – 28 ёшли Олим Тоҳирович ва Маҳмуд Абдулраҳим ҳамда 33 ёшли Азизбек Комиловични ҳибсга олди.

Исроил ҳукумати бу воқеани “террор ҳодисаси” деб таърифламоқда. Коган мансуб бўлган Чабад-Лубавич ҳаракати ҳам ўзининг Х’даги хабарида раввинни ўлдириб кетган ўзбекистонликларни “террорчилар” деб атаган.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху “расмий Тель-Авив унинг ўлимида айбдор бўлган жиноятчиларни жавобгарликка тортиш учун барча йўллар билан ҳаракат қилади”, дея баёнот берди. Чабад-Лубавич ҳаракати Коган охирги марта Дубайда, озиқ-овқат дўконида тасвирга олинган видеода кўриниш берганини маълум қилди. Улар, шунингдек, Коганни ҳаракатнинг Бруклинда жойлашган аноним филиалининг элчиси деб атади.

Исроил расмийларига кўра, Коганни ўлдириш учун бир гуруҳ ўзбекистонликлар унга ҳужум қилган. Уларнинг версиясига кўра, ўша бир гуруҳ ўзбекистонликлар Эрон томонидан ёлланган ва қотилликдан сўнг Туркияга қочишга уринган.

Ўзбекистоннинг Дубайдаги бош консулхонаси эса Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралари билан доимий алоқада бўлиб тургани, мазкур масала юзасидан ойдинлик киритиш мақсадида тегишли ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.

Икки мудҳиш қотиллик айбдорларига нисбатан суд ҳукми ўқилди

Тугаётган ҳафтада шу йилнинг июль ойида Тошкент вилояти ва пойтахт Тошкентда содир бўлган икки мудҳиш қотиллик айбдорларига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Улардан бири 3 яшар боланинг кўзига пичоқ санчиб ўлдирган бўлса, иккинчиси бир оиланинг беш аъзосини ваҳшийларча ўлдирган қотил. Тугаётган ҳафтада суд иккисига ҳам ҳукм чиқарди.

29 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 3 яшар боланинг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди.

Судда прокурор судланувчи Соҳибжон Муқимовга нисбатан бир умрлик қамоқ жазоси сўраганига қарамай, эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ у Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “в”, “ж” бандлари, 25,97-моддаси 2-қисми “б”, “г”, “ж”, “р” бандлари, 219-моддаси 2-қисми ва 251-1-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, айбдорга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 24 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу билан бирга Жиноят кодексининг 50-моддаси 9-қисмига асосан судланувчига тайинланган жазонинг дастлабки 4 йилини турмага қамаш тариқасида ва қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияларда ўтаттирилиш белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди. Айбдорнинг отаси эса суд ҳукми устидан апелляция шикояти киритмоқчи.

Янгийўлда бир оиланинг 5 аъзосини ўлдирган қотил эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Шу ҳафта Тошкент вилоят судида 1995 йилда Наманган вилоятида туғилган эркакка оид жиноят ишини биринчи инстанциясида кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни якунланди.

Суд ҳукмига мувофиқ эркак Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми "а", "в", "ж", "з", "и" бандлари, 118-моддаси 1-қисми, 134-моддаси, 164-моддаси 3-қисми "в", "г" бандлари ва 173-моддаси 2-қисми "б" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Ушбу ҳолатда Янгийўлда бир оиланинг беш аъзоси ўлдирилиб, уйи ёқиб юборилганди. Ўшанда уйдан 1991 йилда туғилган эркак, 1999 йилда туғилган аёл, 2021 ва 2022 йилда туғилган болалар, 2018 йилда туғилган қизнинг мурдалари турли тан жароҳатлари билан топилган. Маълум қилинишича, вафот этганлар эр-хотин ва уларнинг 2 нафар фарзанди, 1 нафар қиз жияни бўлган.

29 ёшдаги қотил марҳумнинг қариндоши ҳисобланиб, у ушбу жиноятни аввалдан мавжуд бўлган қарз сабаб содир этган.

Манноповнинг вафоти билан боғлиқ жиноят иши юзасидан суд ҳукми ўқилди

Эсингизда бўлса керак, ўтган йилнинг март ойида бурнини операция қилдириш мақсадида Тошкентдаги “Star Med Center” клиникасига мурожаат қилган “Mittivine” тахаллуси билан танилган блогер Фарҳод Манноповнинг ушбу клиникадан ўлиги чиққан эди. Орадан бир ярим йилдан ортиқ вақт ўтиб Манноповнинг вафоти билан боғлиқ жиноят иши юзасидан суд ҳукми ўқилди.

29 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида эркак, 1981 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, “Omad Plus” МЧЖга қарашли “Star Med Center” хусусий клиникаси отоларингологи ва 1979 йилда Бухоро вилоятида туғилган, худди шу клиниканинг анестезиолог-реаниматологига оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Суд ҳукмига мувофиқ айбланувчилар Жиноят кодексининг 117-моддаси (хавф остида қолдириш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, оқланди.

Бироқ Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига Жиноят кодексининг 45-моддасини (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўллаган ҳолда 2 йил тиббиёт соҳасида тегишлилиги бўйича отоларинголог ва анестезиолог-реаниматолог вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шунингдек, анестезиолог-реаниматологга Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида ўташ учун 2 йил тиббиёт соҳасида анестезиолог-реаниматолог шифокор вазифасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил 6 ой 27 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгиланди.

Аммо айбланувчилар, хусусан, отоларинголог шифокор Алижон Ҳисонов суднинг қароридан норози. Унинг қайд этишича, Фарҳод Манноповнинг ўлими ҳар 60 минг бемордан биттаси билан учрайдиган ҳолат ва у бугунгача 7 мингдан ортиқ операцияни амалга оширган бўлса, бугунгача ўлим ҳолати аниқланмаган.

Туркияга яширинган шахсларни қўлга олиш тадбирлари янада кучайтирилади

Ўзбекистонда қидирувда бўлиб, Туркияга яширинган шахсларни қўлга олиш тадбирлари янада кучайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси маълум қилди.

Билдирилишича, сўнгги йиллар давомида Ўзбекистонда тергов ва суддан яширинган айрим шахсларнинг Туркия ҳудудида яширинишга уриниш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар кузатилмоқда.

Шу билан бирга, Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳуқуқий ёрдам тадбирлари доирасида бу каби шахсларга нисбатан жиноий таъқибни амалга ошириш янада самарали кўринишга эга бўлмоқда.

Биргина 2024 йилнинг 10 ойида жавобгарликдан қутулиш мақсадида йиллар давомида Туркия ҳудудида яшириниб юрган 37 нафар айбланувчи қўлга олиниб, судлов ҳукмига ҳавола этилган.

“Бундан буён қидирувдаги шахсларни қўлга олиш тадбирлари янада кучайтирилади, жиноятчиликка қарши муросасиз кураш жадал давом эттирилади, жиноят учун жавобгарлик принципи қатъий таъминланади. Қидирувдаги шахслар учун ягона ва энг тўғри йўл – Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига ёки республика ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларига мурожаат қилиш, тергов ва суд процессида қонуний ҳимоя ҳуқуқидан фойдаланиш”, дейилади хабарда.

Гап исботи билан деганларидек, 2021 йилдан буён Ўзбекистонда қидирувда бўлган шахс – бир қанча фирибгарлик жиноятларини содир этиш ва фуқароларга жуда кўп миқдорда зарар етказганликда айбланиб, 2021 йилдан буён қидирувда бўлган, 38 ёшли Роберт Владимирович Бабаянц Туркияда қўлга олиниб, Тошкентга депортация қилинган.

Шунингдек, тугаётган ҳафтада Одам савдоси жиноятини содир этганликда айбланиб, 8 йилдан буён Ўзбекистонда қидирувда бўлган 44 ёшли аёл ҳам Турсунтош Қодирова Туркияда ушланиб, Тошкентга юборилди.

Эркинжон Турдимов ҳокимликдан кетди

Тугаётган ҳафтада яна бир истеъфо ўзбекистонликлар учун кутилмаган бўлди. Фақат бу гал лавозимидан кетаётган амалдор зар тўн, илиқ гаплар ва эҳтиром билан кузатиб қўйилди. Гап 2018 йилдан Самарқанд вилоятини бошқариб келаётган Эркинжон Турдимов ҳақида бормоқда.

Турдимовнинг ҳоким лавозимидан озод қилиниши унинг бошқа ишга ўтиши билан изоҳланган. Бироқ ижтимоий тармоқларда у соғлиғидаги муаммолар сабаб ишдан кетаётгани ҳақида хабарлар болалади.

Ҳокимнинг матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев эса QALAMPIR.UZ билан суҳбатда Турдимовнинг соғлиғи билан муаммолар ҳокимлик вазифасини бажаришига тўсқинлик қилмаслигини айтди.

“Ҳа, унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар борлигини ҳамма билади. У 1-1,5 ой давомида ҳар йили даволанади ҳам. Лекин бу шу пайтгача унинг ўз вазифасини бажаришига тўсқинлик қилмаган”, дея маълумот берди Мирзаев.

Бензин ва дизель ёқилғисини ташқарига олиб чиқиш учун тақиқ жорий этилиши мумкин

Ҳар қишда шу бўлар такрор. Совуқ кунлар бошланиши билан яна Ўзбекистондаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида турнақатор навбатлар кузатилмоқда. Гап қишин-ёзин танқис бўлиб қоладиган метан газ ҳақида эмас, айнан бензин ҳақида бормоқда. Айни шу тобда эса Қозоғистонда 2025 йилнинг 1 январидан бензин ва дизель ёқилғисини Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига (ЕОИИ) аъзо давлатлардан ташқарига олиб чиқишга тақиқ жорий этмоқчи.

Энергетика вазирлиги, Миллий хавфсизлик қўмитаси, Ички ишлар ва Молия вазирликларининг 2024 йил 8 октябрдаги “Қозоғистон Республикаси ҳудудидан нефть маҳсулотлари экспортининг айрим масалалари тўғрисида”ги қўшма буйруғига тегишли қўшимчалар лойиҳаси тайёрланган.

“2025 йил 1 январдан олти ой муддатга Қозоғистон Республикаси ҳудудидан ЕОИИ божхона ҳудудидан ташқарига енгил дистиллатлар, реактив ёқилғиси ва дизель ёқилғиси, газойл, толуол, ксилен, нефтни олиб чиқишни тақиқлаш жорий этилсин”, дейилади ҳужжатда.

Энергетика вазирлигининг тушунтиришича, айни пайтда мамлакатда АИ-92 бензини ва дизель ёқилғиси истеъмолида ўзига хос бўлмаган ўсиш кузатилмоқда ва шунга мос равишда захира пасаймоқда.

Нефть маҳсулотларини ЕОИИ ташқарисига олиб чиқишни тақиқлаш Қозоғистон нефтни қайта ишлаш заводларининг нофаол қувватларини ярим тайёр маҳсулотларни қайта ишлаш орқали юклаш ва шунга мос равишда мамлакатда ёқилғи-мойлаш материаллари тақчиллигини камайтириш, шунингдек, божсиз етказиб бериш ва импорт қилинадиган нефть маҳсулотларининг реэкспортига барҳам бериш шартларини бажариш имконини беради.

Исроил ва Ливан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди

Олдинги дастурларимизда Ғазода бошланган қирғин Ливан томон кенгайгани ва Исроил Ливанга қўшин киритгани ҳақида гапиргандик. Исроилнинг Ливанга ҳужумлари оқибатида камида 3,823 киши ҳалок бўлди ва 15,859 киши яраланди. 900 мингдан 1 миллионгача аҳоли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.

Ғазодаги геноцид етмагандек, Исроилнинг Ливандаги бу қилмишлари нафақат яҳудий давлати, балки унинг асосий ҳомийси бўлган АҚШ тарихида ҳам қора доғ бўлиб қолди. Янги йилдан президентлик постини топширишга тайёргарлик кўраётган АҚШ Президенти Жо Байден эса ҳукмронлигининг сўнгги кунларида Яқин Шарқдаги кескин аланга олган вазиятни бироз бўлса-да юмшатишга уринди. У ва унинг франциялик мавқедоши Эммануэль Макрон Исроил ва Ливан орасига тушиб, улар орасидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришишга муваффақ бўлди.

27 ноябрь куни соат 04:00 дан кучга кирган 13 банддан иборат ўт очишни тўхтатиш келишувига кўра, Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ” ёки Ливан ҳудудидаги бошқа қуролли гуруҳнинг Исроилга қарши ҳеч қандай операция ўтказишига рухсат бермайди, Исроил эса Ливандаги фуқаролик, ҳарбий ёки ҳукумат иншоотларига қуруқлик, денгиз ёки ҳаво орқали ҳеч қандай ҳарбий ҳужум уюштирмайди. Шартнома шартларига кўра, Исроил кучларининг бўлинмалари келаси 60 кун ичида Ливан ҳудудини тарк этади. “Ҳизбуллоҳ” эса ўз қўшинларини Исроил чегарасидан 30 километр узоқликдаги Литани дарёсигача олиб чиқиши лозим.

Бироқ бу мажбуриятлар Исроил ва Ливан халқаро ҳуқуқ доирасида ўзини ҳимоя қилиш учун табиий ҳуқуқидан воз кечишини англатмайди. Шунинг учун бўлса керак, сулҳ битими эълон қилингач, Нетаньяху Исроил ўз хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳар қандай хавфга қарши ҳаракат қилиш ҳуқуқини ва “Ҳизбуллоҳ” билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга амал қилиш эркинлигини сақлаб қолишини айтди. У фуқароларига, агар “Ҳизбуллоҳ” ўзини қуроллантирса ёки чегара яқинидаги инфратузилмасини тикласа, Исроил Ливанда жанговар ҳаракатларни давом эттиришига ваъда берди.

Кейинчалик маълум бўлдики, Нетаньяху бу келишувга ҳам осонликча кўнмаган. Маълумки, 21 ноябрь куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Нетаньяху ва Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни камида 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майгача Фаластин ҳудудида содир этган ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлари учун ҳибсга олишга ордер берган. Франция Рим статутини ратификация қилган давлат сифатида ХЖСнинг қарорини бажариши, яъни Нетаньяху ва Галант унинг ҳудудига кирадиган бўлса, уларни ҳибсга олиб, ХЖСга топшириши керак. Бироқ Париж Нетаньяху ва бошқа вазирлар дахлсизликка эга эканини важ қилиб, уларни ҳибсга олмаслигини эълон қилди. Франциянинг “Le Point” журналининг ёзишича, Макрон Нетаньяху билан қўнғироқлашиб, дахлсизлик эвазига сулҳга эришган.

Хуллас, Исроил-Ливан битими 14 ой давом этган босқиннинг якунланганини билдиради. Агар сулҳ шартлари ҳеч қандай муаммоларсиз, келишганидек адо этилса.

Бироқ сулҳ кучга кирганининг эртаси куниёқ Ливан армияси Исроил қуролли кучлари битимни бир неча бор бузганини билдирди. Уларнинг айтишича, 27 ва 28 ноябрь кунлари Исроил Ливан ҳаво ҳудудини бузган ва турли қуроллар билан ҳужум қилган.

ЦАХАЛ эса Исроил ҳарбийлари “Ҳизбуллоҳ”нинг Ливан жанубидаги ракета омборида “террорчилик ҳаракати”ни аниқлагани, шундан сўнг ушбу объектга ҳаво ҳужуми уюштирилгани ҳақида хабар берган. Бу томонлар ўртасида сулҳ бошланганидан кейин Ливан ҳудудидаги “Ҳизбуллоҳ” нишонига биринчи зарба бўлди.

Путин давлат ташрифи билан Остонага келди

27 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Остонага келди. Аэропортда уни тантана билан Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кутиб олди. Худди Нетаньяху каби Халқаро жиноий суднинг ҳибсга олиш ордерига дучор бўлган ва дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатига бориши хавф остида бўлган Путин Қозоғистонда жуда обрўли тарзда қарши олинди. Қозоғистон ва Россия халқлари ўртасидаги самимий дўстлик белгиси сифатида икки давлат байроқларини кўтарган болалар Президент Владимир Путин ва расмий делегация аъзоларини қутлади. Кейин эса профессионал рассом Асел Сабиржанқизи Владимир Путин Остонага учиб келган пайтдан бошлаб чиза бошлаган расмини давлат раҳбарларига тақдим этди. Аммо Украинага босқин ва 3 йиллик кенг миқёсдаги вайронкорлик шу куни Қозоғистонда барибир норозиликсиз қолдирилмади. 27 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг ташрифи давомида Остона кўчаларидан бирида қизиқ ҳолат юз берди. Шу куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳридаги ЛEД-экранлардан бирида Украина байроғи тасвири пайдо бўлди. Ҳолат юзасидан Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги жиноят иши қўзғатган. Украина байроғи тасвири “Астана Опера” театри ёнига ўрнатилган ЛEД-экранда пайдо бўлган. Бу тасвир Россия Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан мамлакатга келгани муносабати билан шаҳарнинг бошқа ЛEД-экранларида акс эттирилган Россия давлат байроғи тасвири ўрнига алмаштирилган. Шу куни Путин Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан музокаралар ўтказаётганди. Маълум қилинишича, “Keruen Media” МЧЖ (Остонадаги ЛEД-экранларга эгалик қилувчи компания) билан боғлиқ воқеа бўйича суриштирув ишлари бошланган. Ички ишлар вазирлиги барча эҳтимолий версиялар, жумладан техник носозликлар ва ташқи ноқонуний аралашув эҳтимолини кўриб чиқаётганини билдирган.

Шу ўринда КХШТ саммити олдидан Тўқаев ва Путиннинг ўзаро музокараларига тўхталсак. Россия Президенти сўнгги пайтда жуда кўп тўхталаётган мавзулар – рус тили масаласи ва Россия газини сотишга Остонада яна алоҳида эътибор қаратди. Россия Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 27 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан Остонада ўтказилган қўшма матбуот анжуманида сўз очди.

“Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик тизимли равишда ривожланиб бормоқда. Россия нефти Қозоғистон ҳудуди орқали Хитойга йўналтирилмоқда. “Газпром” ҳақиқатан ҳам Қозоғистон истеъмолчиларини газ билан узлуксиз таъминламоқда. Ўтган йилдан бошлаб Россия гази Қозоғистон ҳудуди орқали қўшни Ўзбекистонга ўтказилмоқда ва биз бундай таъминотни оширишни давом эттирамиз”, дейди Россия Президенти.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Тошкент Қозоғистон Абдусалом Азизов Комил Алламжонов Дониёр Тошхўжаев Исроил Фарҳод Маннопов Mittivine Жавлон Юнусов раввин Аҳроржон Атхамов Темур Собиров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг