Имомўғли иши доирасида суд қарорлари чиқа бошлади
Олам
−
23 Март
6865Коррупция ва террор терговида ҳибсга олиш талаби билан Тинчлик судига юборилган Истанбул шаҳар ҳокими Экрем Имомўғли билан боғлиқ суд қарорлари эълон қилина бошланди. Бу ҳақда CNN Turk хабар берди.
Истанбул Бош прокуратураси томонидан шаҳар ҳокими Экрем Имомўғли ва 99 гумонланувчига нисбатан “жиноий ташкилот етакчиси бўлиш”, “жиноий ташкилотга аъзо бўлиш”, “товламачилик”, “пора олиш”, “оғирлаштирилган фирибгарлик” ва “тендерни сохталаштириш” каби жиноятлар бўйича тергов ишлари олиб борилган.
Полиция бўлимида кўрсатма берилгандан сўнг, гумондорларнинг бир қисми Чағлаяндаги Истанбул суди биносига юборилган ва уларнинг навбатчи тинчлик судьялигидаги тартиблари якунланган.
Судья гумонланувчилар Али Илбак, Адем Тунсай, Аҳмет Коксал, Али Нуҳоғли, Эюп Субоши, Комил Тимур Делибош, Мурат Аббос, Мете Сариалтун, Алпер Айдин, Сердал Ташкин, Серкан Ўзтурк, Мустафо Ниҳат Сутлаш, Сулейман Атик, Аҳмет Чичек, Юсуф Сутлаш, Юсуф Илбак, Сервет Гўкчай, Сервет Гўкчейни ҳибсга олишга қарор қилган.
Гумондорлар Аҳмет Палазоғли, Алиҳан Айдин, Эржан Саатчи, Алперен Айдин, Байрам Ташкıн, Санан Мунуклу, Жемал Уфук Каракая, Бирсен Шаҳин ва Ваҳит Дўғаннинг эса “чет элга чиқишни тақиқлаш” ва “имзо шаклида суд назорати чораси” қўйиб, озод қилинишига қарор қилинган.
“Бошқа гумонланувчиларни сўроқ қилиш судьялик биносида давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши
19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.
Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.
Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши эканини маълум қилган.
Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди. ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.
LiveБарчаси