Эрдўғанни қулатиши мумкин бўлган шахс. Истанбул ҳокими ким ўзи?
Таҳлил
−
22 Март
20739Тез-тез дунё эътибори марказида бўладиган Туркия бу гал ҳам саҳнани бўш қолдирмади. Хабарингиз бор, 19 март куни мухолифатчи Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши Туркияда катта намойиш ва норозилик юришларига сабаб бўлди. 23 март санаси яқинлашгани сари нафақат унинг партияси ёки Истанбул, балки бутун Туркия ҳаяжони ортмоқда. Хўш, воқеалар марказида турган Экрем Имомўғли ўзи ким? Унинг мавқейи Ражаб Тойиб Эрдўғандан баландми? Мақолада шулар ҳақида сўз боради.
Имомўғли ким?
Асли тадбиркор (қурувчи) 55 ёшли Экрем Имомўғли Истанбул ҳокими ва айни вақтда мухолиф Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) вакили ҳамдир. Шунингдек, у Президент Эрдўғаннинг Адолат ва тараққиёт партияси (АТП)ни кетма-кет учта маҳаллий сайловда мағлуб этган ягона шахс ҳисобланади.
Экрем Имомўғли ЖХПга 2008 йилда партиянинг АТПга мағлуб бўлиб, нуфузи анча пасайган бир даврда аъзо бўлган. Мустафо Камол Отатурк томонидан асос солинган бу партия узоқ йиллардан буён ҳокимиятни эгалламаган бўлса ҳам, асосий мухолифат ўлароқ фаолият кўрсатиб келади.
2009 йилда Имомўғли партиянинг ёшлар қаноти етакчиси этиб сайланди. Шундай қилиб, унинг обрўйи кўтарилиб борди ва 2014 йилда Истанбулнинг Бейликдузу шаҳрига ҳоким бўлиб сайланди.
2017 йилда у истеъфога чиққан Истанбул мери Қодир Топбош (АТП вакили) ўрнини эгаллашга уринди, аммо шаҳар кенгаши Топбошнинг муддатини якунлаш учун лавозимга АТП номзоди Мавлуд Уйсални сайлади. Шундай қилиб, Имомўғли Истанбулга бош бўлиш учун 2019 йилги сайловни кутишга мажбур бўлди. Ўша йили март сўнгида ўтказилган сайловда у кичик фарқ билан бўлса-да, ғалаба қозонди. Бу мағлубият узоқ йиллар давомида шаҳарни бошқариб келаётган АТП учун оғир зарба бўлди. Сайлов давомида Эрдўған шаҳар ҳақида шундай деган эди:
“Ким Истанбулни забт этса, ўша Туркияни забт этади”.
Ғолибликка қарамасдан, Имомўғли лавозимда бор-йўғи 18 кун қолди. Чунки Олий сайлов кенгаши овоз бериш жараёнида қонун бузилишлари содир этилганининг иддаоси билан натижаларни бекор қилди ва июнда такрорий овоз бериш ўтказилишини маълум қилди. Аммо 23 июнь куни бўлиб ўтган қайта сайловда Имомўғли янада каттароқ фарқ билан ғалаба қозонди: олдинги 16 минг овоз фарқи 800 мингга етди.
2024 йилги маҳаллий сайловларда ҳам Имомўғли ва унинг партияси яна ғолиб бўлди. Бу сафар мухолифат республиканинг барча йирик шаҳарларида, жумладан, Адана, Анқара, Анталия, Бурса, Измир ва Истанбулда ғалаба қозонди. Ўшанда Имомўғли 50,8% овоз билан ўз лавозимида қолди, ҳукмрон партия номзоди Мурод Қурум эса 40% овоз билан унга ютқазди.
Президентликка тўсиқлар: ҳибс
23 март, якшанба куни ЖХП ички сайлов ўтказиши ва 2028 йилги президентлик сайловлари учун ўз номзодини кўрсатиши маълум қилинганди. Аммо бунга жуда оз фурсат қолганида партиядан номзод қилиб кўрсатилиши кутилаётган ва кетма-кет ғалабалар ортидан халқ орасида ҳурмати ошиб бораётган Имомўғли ва унинг 106 тарафдори Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш, коррупция ҳамда рекетлик каби ноқонуний ҳаракатларда айбланиб ҳибсга олинди. Бундан ташқари, унга террорчилик билан боғлиқ айбловлар ҳам қўйилгани айтилмоқда. Мухолиф партия буларнинг барчасини сиёсий фитна деб атаб, Эрдўған ҳукуматини Имомўғлини сиёсий майдондан олиб ташлашга уринишда айблади. Туркия Адлия вазири эса суд тизими мустақил ишлаётганини таъкидлаб, ҳукумат томонидан босим ўтказилаётганини рад этди.
Бу сафарги ҳибс Имомўғли учун биринчиси эмас, у бунгача ҳам кўплаб ҳуқуқий муаммоларга дуч келган. 2019 йилги маҳаллий сайлов натижаларининг бекор қилиниши ортидан, Имомўғли Олий сайлов кенгаши аъзоларини “аҳмоқ” деб ҳақорат қилганликда айбланиб, 2022 йилда икки йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У апелляция шикоятини киритган ва жараён давом этаётганлиги сабабли, Имомўғли ҳозирча бу иш доирасида қамоққа олинмаган ва тақиқ ҳали кучга кирмаган.
Ҳибсга олиш ва қўйилаётган айбловлар Имомўғли олдида турган муаммоларнинг ҳаммаси эмас. Гап шундаки, Истанбул университети 1990 йилда Кипр шимолидаги хусусий университетдан унинг бизнес бошқаруви факультетига ўтишида йўл қўйилган қонунбузарликларни сабаб қилиб кўрсатиб, Имомўғлининг дипломини бекор қилди. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Туркия қонунчилигига кўра, фақат олий маълумотга эга бўлган шахсларгина президентликка номзод бўлиши мумкин.
Шунинг учун ҳам университетнинг бу қарори Имомўғлини президентлик пойгасидан чиқариб ташлашга қаратилган ҳуқуқий тўсиқ сифатида кўрилмоқда.
Оёққа турган халқ
Истанбул ҳокимлиги даврида Имомўғли кўпроқ аҳоли турмуш шароитини яхшилашга, хусусан, шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга катта эътибор қаратгани айтилади. Балки шунинг учун ҳам халқ орасида унинг тарафдорлари кўпайиб боргандир. Имомўғлининг машҳурлиги ортиб борар экан, кўпчилик уни бўлажак президент сифатида кўришни бошлади.
Унинг ҳибсга олиниши ортидан эса намойишлар бошланиб кетди. Партия етакчиси Ўзғур Ўзел ва Экремнинг аёли Дилек Имомўғли эса омма олдида ташаббускор нутқлар қилмоқда. Бу орада Истанбул расмийлари шаҳарда оммавий тадбирларни 23 мартгача тақиқлади, бироқ ЖХП раҳбари ўз тарафдорларини Истанбул ҳокимининг ҳибсга олинишига норозилик билдиришга чақиргани ортидан чекловларга риоя қилинмади. Кўп минг кишилик митинг иштирокчилари Имомўғли билан бирдамлик шиорларини айтиб, ҳукумат ва Туркия Президенти Эрдўған истеъфосини талаб қилмоқда.
Икки рақиб карьерада ўхшаш. Ғояларда-чи?
Кўпгина таҳлилчилар Экрем Имомўғли ва Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг карьерада ўхшаш жиҳатлари борлигини таъкидлайди. Масалан, иккиси ҳам Қора денгиз бўйларида улғайган, диний таълим олган ва жонкуяр футболчи бўлган ҳамда сиёсатдаги муҳим позициялари Истанбулга ҳокимликда шаклланган. Энг қизиғи, ҳар иккиси ҳам бакалаврлик дипломлари билан боғлиқ можароларга дуч келган. Карьерадаги бундай ўхшашликларга қарамай, Имомўғли ўз қараш ва ғояларининг Эрдўғанникидан тамоман фарқ қилишини айтади.
Эрдўған сиёсатга диний қарашлар билан кириб келган ва фаолияти давомида ҳам бундан устомонлик билан фойдаланган бўлса, Имомўғли унинг акси ўлароқ секуляр қарашдаги партиянинг ўзига хос вакили ҳисобланади. Қуйида икки сиёсатчининг ғоялардаги фарқли жиҳатларини очиқ манбалар асосида санаб ўтамиз:
- Давлат бошқаруви. Имомўғли кучли парламент тизимини ёқлайди, Эрдўған эса президентлик тизимини қўллаб-қувватлайди ва 2017 йилда буни қонун билан мустаҳкамлаб қўйди.
- Секуляризм ва дин. Имомўғли давлат ва динни ажратишни муҳим деб билади ва Отатурк сиёсатини давом эттиради. Эрдўған эса исломий қадриятларни татбиқ этиш тарафдори.
- Иқтисодий сиёсат. Имомўғли ижтимоий адолатга асосланган иқтисодий моделни илгари суради. Эрдўған эса бозор иқтисодиётини қўллаб-қувватлайди, лекин давлат назоратини кучайтириш тарафдори.
- Ташқи сиёсат. Имомўғли Ғарб билан мустаҳкам алоқаларни ёқлайди, Туркиянинг Европа Иттифоқига яқинлашишини истайди. Эрдўған эса мустақил ташқи сиёсат юритади. НАТО аъзоси бўлса-да, Россия ва Хитой билан ҳам яқин ҳамкорлик қилади. АҚШ ва Ғарб билан айрим масалаларда келишмовчиликларга эга.
Туркиялик сиёсатшунос Берк Эсен Имомўғлининг юритаётган сиёсатига баҳо берар экан, унинг дунёвий партияда мусулмон экани, равон нутқини алоҳида таъкидлаган.
“У мухолифат тарафдорларининг барча қатламларини, турк ёки курдми, сунний, шиа ёки алавийми, ёш ёки қарими ҳаммасини ўзига жалб қила олади”, деган у.
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, амалдаги Туркия конституциясига кўра, давлат раҳбари ўз лавозимида кетма-кет икки муддатдан кўп сайланиши мумкин эмас. 2023 йилнинг майида бўлиб ўтган сайловларда Эрдўған иккинчи беш йиллик муддатга қайта сайланган ва унинг ваколат муддати 2028 йилда тугайди. Аммо Эрдўған муддатидан олдин сайлов ўтказиш орқали ҳокимиятда қолишга ҳаракат қилаётганликда айбланмоқда.
Воқеалар суръати жадаллик билан кечаётган бир пайтда якуний хулоса қилиш имконсиз, шундай экан, жараёнларни кузатишда давом этамиз.
LiveБарчаси