OpenAI Apple’га жиддий айблов қўйди

Олам

−

visibility259 timer3 дақиқа

image

OpenAI компанияси Apple устидан судга қарши даъво киритиб, уни махфий тижорат маълумотларини қўлга киритиш ва келажакдаги сунъий интеллект қурилмалари учун ҳамкорлик қилаётган етказиб берувчиларга босим ўтказишда айблади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, OpenAI 27 ноябрь куни Калифорния федерал судига мурожаат қилган. Компания Apple’нинг ходимларни ишга қабул қилиш амалиёти орқали рақобатчилар технологияси устида ишлашга тўсқинлик қилаётганини билдирган. Судга тақдим этилган ҳужжатларда OpenAI ўзининг сунъий интеллект асосида ишлайдиган шахсий электрон қурилмаларини ишлаб чиқаётгани ва бу маҳсулотлар Apple билан бевосита рақобатлашиши мумкинлигини қайд этган.

Компания даъвосига кўра, Apple аввал OpenAI’да 6 ой ишлаган собиқ ходимини қайта ишга қабул қилган. Ушбу даврда ходим янги қурилма ҳақидаги махфий маълумотлар ҳамда OpenAI’нинг келажакдаги аппарат маҳсулотлари бўйича режалари билан танишиш имконига эга бўлган. OpenAI бу ҳолат махфий ҳужжатларни қўлга киритиш мақсадида амалга оширилган бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Apple эса OpenAI’нинг айбловларини рад этиб, собиқ ходимни қайта ишга олиш орқали компаниянинг махфий маълумотларига эга бўлишга уринганини инкор қилган. Шунингдек, Apple OpenAI’нинг қарши даъволарини ўзига нисбатан қўзғатилган суд ишининг моҳиятидан эътиборни чалғитишга қаратилган уриниш деб атаган.

Икки компания ўртасидаги келишмовчилик аввалроқ бошланган. Жумладан, жорий йил июль ойида Apple OpenAI ҳамда унинг собиқ ходимлари Тан Тан ва Чанг Люни компаниянинг тижорат сирларини ўзлаштиришда айблаб, судга берган эди. Apple улар собиқ иш жойидаги махфий маълумотлардан OpenAI’нинг истеъмолчилар учун мўлжалланган қурилмаларини ишлаб чиқишда фойдаланганини даъво қилган. OpenAI эса бу айбловларни рад этган.

Маълум қилинишича, Тан Apple компаниясида 24 йил ишлаган ва iPhone ҳамда Apple Watch маҳсулотлари дизайни бўйича вице-президент лавозимини эгаллаган. У 2025 йилда OpenAI томонидан сотиб олинган io Products сунъий интеллект қурилмалари стартапини ташкил этган жамоа таркибида бўлган.

OpenAI, шунингдек, Apple собиқ ходимларини шахсий қурилмалари ва аккаунтларидан иш фаолиятида фойдаланишга ундагани, кейин эса улар бошқа компанияга ўтганда шахсий ва ишга оид маълумотларни ажратишга тўсқинлик қилганини билдирган. Компания Apple собиқ ходимларнинг шахсий қурилмалари ва аккаунтларига улар ишдан кетганидан кейин ҳам кириш имкониятини сақлаб қолишини таъкидламоқда.

OpenAI маълумотларига кўра, ҳозиргача Apple’нинг 400 нафар ходими ушбу компанияга ишга ўтган. Компания Apple бошқа ходимларнинг ҳам рақобатчиларга ўтишдан чўчитишга ҳаракат қилаётганини даъво қилмоқда.

Шу тариқа, сунъий интеллект қурилмаларини ишлаб чиқиш ва технология соҳасидаги мутахассислар учун рақобат икки йирик компания ўртасидаги суд низосини янада кескинлаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг саккизта штати сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи OpenAI компанияси устидан судга даъво киритганлиги ҳақида хабар берилган эди. Бунга сабаб, компания истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни бузган ва ChatGPT хавфсизлиги ҳақида жамоатчиликни чалғитган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг