Иккига бўлинган вазирлик, 6 яшар қизни зўрлаб ўлдирган россиялик, “қонли январь” сирлари – 18 февраль дайжести
Таҳлил
−
18 Февраль 2022
26455Жамият
Энди ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг боқувчиларига бир хил миқдорда нафақа тайинланади
Эндиликда ногирон бўлиб қолиши муддатидан қатъи назар ногиронлиги бўлган шахсларга бир хил миқдорда 622 минг сўмга тенг нафақа тайинланиб борилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 17 февраль куни имзолаган “Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини янада кучайтириш тўғрисида”ги фармонда сўз боради.
Фармонга кўра, ногирон бўлиб қолиши муддатидан қатъи назар, ногиронлиги бўлган шахсларга бир хил миқдорда 622 минг сўмга тенг нафақа тайинланиб борилади. Даслабки ҳисоб-китобларга асосан 49 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар учун нафақа 41 фоизга ошади. Мазкур чорани амалга оширишга 2022 йилга қўшимча 81 млрд сўм ажратилади.
Сергелидаги автомобиль дўконида йирик ёнғин юз берди
Бугун, 18 февраль куни Тошкент шаҳар Сергели тумани “Бунёдобод” МФЙ Янги Сергели кўчасида жойлашган юк автомобиллари ва эҳтиёт қисмларини сотиш дўконида ёнғин содир бўлди. Туман ФВБга бу ҳақда соат 03:30 да хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 7 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 03:36 да етиб бориб, ёнғин соат 03:58 да қуршаб олинган ва соат 04:10 да бартараф этилган.
Ёнғин натижасида дўконнинг 900 квадрат метр майдонида ички шифт қисми ва ташқи алюкобонд қопламаси ёниб зарарланган.
Чирчиқда йўловчи поезди ишчини уриб кетди
Жорий йилнинг 16 февраль куни Тошкент вилоятидаги корхона ҳудудида йўловчи поезди ишчилардан бирини уриб юборди. Оқибатда у воқеа жойида вафот этган.
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти хабарига кўра, фожиа Чирчиқ трансформатор заводида юз берган.
Корхона ишчи хизматчиси бўлган Ш.К.ни Чирчиқ тумани “Чирчиқ-Аранчи” темир бекати 38 км.да Тошкент-Хожикент йўналишидаги шаҳарлараро қатновчи йуловчи поезд уриб юборган.
Бир вазирлик иккига бўлинди ва уларга вазирлар маъқулланди
2021 йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан ташкил қилинган Туризм ва спорт вазирлиги бугун, 18 февраль куни иккига — Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлигига ажратилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари –Туризм ва мерос вазири лавозимига Азиз Абдуҳакимов номзодини кўриб чиқди ва маъқуллади.
Шундан сўнг депутатлар Спортни ривожлантириш вазири лавозимига Адхам Икрамов номзодини кўриб чиқди ва маъқуллади.
Ортиқхўжаевнинг ўрнини Алламжонов эгаллайдими?
Ижтимоий тармоқларда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тайинланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарларга жамоат фонди Матбуот котиби муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Комил Алламжонов Тошкент шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаши ҳақидаги хабарлар асосга эга эмас.
“Журналист ва блогерлардан турли асоссиз миш-мишларларнинг тарқалишига ҳисса қўшмаслик, ахборот тарқатишда масъулиятли бўлишга чақирамиз”, дейилади хабарда.
Наманганда ўқитувчи вазифа бажармаган ўқувчиларини синф олдида изза қилдирди
Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида уйга берилган вазифани бажармаган 1-синф ўқувчиларини доскага чиқариб, уларни изза қилинаётгани акс этган видео тарқалди.
Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси Матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдирди. Қайд этилишича, ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганилган.
Ўрганиш давомида маълум бўлишича, Учқўрғон туманидаги 13-умумий ўрта таълим мактабининг 1-“в” синф раҳбари Шаҳноза Мадраҳимова ўқиш дарси пайтида синфдаги 6 нафар ўқувчи уй вазифасини тайёрламагани ва дафтарлари қолиб кетгани сабабли бундай ҳолат қайтарилмаслиги ва бошқа ўқувчиларга сабоқ бўлиши учун доска олдига чиқартириб, қолган ўқувчиларга “уят” деб гапиртириб, изза қилдирган. Бу жараёнларни ўзи уяли телефонига тасвирга олиб, икки нафар ўқувчи ота-онасининг Telegram’ига жўнатгани аниқланган.
Ўзбекистон Иқтисодий эркинлик индексида 9 поғона пастлади
Heritage Foundation (“Мерос” жамғармаси, АҚШ) томонидан “Иқтисодий эркинлик индекси – 2022” навбатдаги ҳисоботи эълон қилинди. Ҳисоботда Ўзбекистон 177 та мамлакатлар орасида 55,7 балл (сўнгги ҳисоботга кўра рейтинг баҳоси - 2,6 баллга пастлади) билан 117-ўринни (2021 йилда 108-ўрин) эгаллаган. Индекс методологиясига мувофиқ, Ўзбекистон иқтисодиёти асосан эркин бўлмаган мамлакатлар гуруҳида қолди.
Сўнгги беш йилда Ўзбекистон мазкур рейтингда умумий жиҳатдан қараганда 35 та ўринга юқорилади, бироқ 2022 йил ҳисоботига кўра, 9 та поғонага пастлаган. Мазкур ҳисобот методологияси, шу жумладан, бир қатор индикаторларнинг ўзгариши ва индикаторларнинг балларни аниқлашда уларни ҳисоблаш ҳамда халқаро маълумотлар манбаларнинг ўзгариши асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Сурхондарёда ТТБ фельдшери чақирувга пиёда борди
Ижтимоий тармоқларда Узун туман тез тиббий ёрдам бўлими Чақар маҳалласи шохобчаси фельдшери чақирув манзилига пиёда бориб, беморга тиббий хизмат кўрсатганлиги акс этган видеолавҳа тарқалди. Ушбу ҳолатга Соғлиқни сақлаш вазирлиги мууносабат билдирди.
Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти Узун туманида жорий йилнинг 13 февраль куни соат 20:06 да туман тез тиббий ёрдам бўлими Чақар маҳалласи шохобчасига шу ҳудудда яшовчи 76 ёшли фуқаро Қ.М. томонидан чақирув келиб тушган.
Олам
Чиқмаган жондан умид. Россия яна АҚШдан кафолат сўраб мактуб йўллади
Кремлнинг “Россия хавфсизлигини кофолатлаш” борасида йўллаган талабномасига АҚШ ва НАТО инкор мазмунида жавоб хати йўллаган эди.
Ушбу жавоб хатларидан қониқмаган Кремль кеча, 17 февраль куни АҚШнинг Москвадаги элчиси Жон Салливанга хавфсизлик кафолати бўйича Вашингтон жавобига “реакция” сифатида ёзма хат топширган. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг сайтида эълон қилинган баёнотда сўз боради.
Россиянинг АҚШ жавобига “реакция” тарзида йўллаган хати 11 вароқдан иборат.
Бред Питт Анжелина Жолини судга берди
Голливуд актёри Бред Питт ўзининг собиқ рафиқаси Анжелина Жолини россиялик тадбиркорга қўшма вино ишлаб чиқарувчи хўжалигини яширинча сотганликда айблаб, судга берди. Бу ҳақда TMZ суд ҳужжатларига таяниб хабар берган.
2021 йил июль ойида Жоли Питт билан қўшма активларни сотишга қўйилган вақтинчалик тақиқни бекор қилиш учун судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Хусусан, актриса Францияда Nouvel виносини ишлаб чиқарувчи Miraval Chateau компаниясидаги улушини сотувга қўймоқчи бўлган.
Лукашенко ўзида йўқ қурол билан Ғарбга таҳдид қилди
Беларусь ўз ҳудудида нафақат ядровий, балки мамлакат мухолифлари томонидан таҳдид туғилган тақдирда истиқболли “ўта ядровий” қуролларни ҳам жойлаштиришга тайёр. Бу ҳақда “абадий Президент” бўлишга даъво қилган Беларусь фуқароси Александр Лукашенко маълум қилди.
“Агар керак бўлса, рақибларимиз ва душманларимиз томонидан шундай аҳмоқона, фойдасиз қадамлар қўйилса, биз ҳудудимизни ҳимоя қилиш учун нафақат ядровий қуролларни, балки ўта ядровий, истиқболли қуролларни ҳам жойлаштирамиз”, деган Лукашенко.
Тўқаев “қонли январь” сирларини очди. Энди Қозоғистон Путин ва Россияга қарамми?
Қозоғистонда рўй берган “Қонли январь” воқеаларини бостиришда мамлакатга КХШТ кучларининг киритилиши тўғри қарор бўлган. Бу ҳақда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Qazaqstan” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
Президент Тўқаев журналистнинг “Сиз Владимир Путинга қўнғироқ қилиб КХШТ тинчликпарвар кучларини Қозоғистонга жўнатишини сўрадингиз. Бу мамлакатимиз эркинлиги ва мустақиллиги энди Россиянинг қўлида эканини англатадими? Вазиятдан уларнинг иштирокисиз чиқиб кетишнинг иложи йўқмиди? Ҳозир қарорингиздан афсусланмаяпсизми?”, дея савол берган.
Ҳайдовчи аёллар: Саудия Арабистонида 30 иш ўрнига 28 минг киши ариза топширди
Саудия Арабистонида мамлакат тарихида биринчи бор 30 нафар аёлни машинист сифатида ишга олиш бўйича эълон берилди. Ишга кириш учун 28 мингдан ортиқ талабнома келиб тушди. Бу ҳақда Макка ва Мадина ўртасида тезюрар поездлар ҳаракати учун масъул бўлган Испаниянинг Renfe темир йўл компанияси маълум қилди.
Компания бир ой ичида жуда кўп аризаларни қабул қилган. Ўқув фаолияти ва инглиз тилини билиши баҳоланган онлайн тест синовларидан сўнг номзодлар сони икки баробарга камайтирилиб, 14 минг кишини ташкил этган.
Март ойининг ўрталарига қадар компания 30 нафар номзодни танлайди. Бир йиллик тренингдан сўнг аёллар Макка ва Мадина ўртасида ҳар йили миллионлаб мусулмон зиёратчилар саёҳат қиладиган поездларни бошқаради.
Тўқаев Назарбоевнинг “қўлини калталатганига” изоҳ берди
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Qazaqstan” телеканалига берган интервьюси чоғида конституциявий қонунларга республиканинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик Кенгаши ва Қозоғистон халқлари ассамблеясига умрбод раислигини бекор қилувчи тузатишлар киритилганига муносабат билдирди.
“Бу аниқ. Илгари бундай қонунлар қабул қилинган бўлса, энди улар керак эмас. Бу ҳақда тўғридан-тўғри гапириш керак. Келажакда бундай қонунлар қабул қилинмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Илгари камчиликлар бўлган, аммо бу бизнинг тарихимиз. Тарихдан сабоқ олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Мақсадимиз юртимиз келажагини ўйлаш, ёш авлодга ғамхўрлик қилишдир”, деган Тўқаев.
Афғонистонда 25 метрлик қудуққа тушиб кетган бола ҳалок бўлди
Бугун, 18 февраль куни Афғонистоннинг Зобул вилоятида 25 метрлик қудуққа тушиб кетганидан кейин қутқарилган бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Толибон” сиёсий идораси вакили Анас Ҳаққоний маълум қилган.
“Афсуски, гўдак Ҳайдар бизни бутунлай тарк этди. Мамлакатимиз бугун яна катта фожиани бошдан кечирмоқда”, деб ёзган Ҳаққоний Twitter’да.
Россиялик эркак 6 яшар қизни зўрлаб, ўлдирди
Тожикистонда россиялик эркак 6 ёшли қизни зўрлаб ўлдирганликда айбланиб, 28 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Хатлон вилоятида вақтинча яшовчи эркак 2016 йилда туғилган қизни зўрлаб, ўлдирган.
Маълум қилинишича, ушбу хабар ҳақида суд ўтганидан икки ой ўтиб, кеча 17 февраль куни Тожикистон Бош прокурори ўзининг расмий сайтида маълум қилган.
Россия Путин бошчилигида ядровий триадасини кўз-кўз қилади
Эртага, 19 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин бошчилигида мамлакатда ядро триадаси кучлари иштирокида режали ўқув машғулотлари ўтказилади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар қилган.
“19 февраль куни Россия Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Владимир Владимирович Путин бошчилигида стратегик тўхтатувчи кучларнинг режали машғулотлари бўлиб ўтади, унинг доирасида баллистик ва қанотли ракеталар учирилади”, дейилади хабарда.
Биринчи Президентнинг куёвидан қолган лавозимнинг эгаси топилди
Қозоғистон Миллий тадбиркорлар палатасининг бугун, 18 февраль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари қурултойи иштирокчилари Раимбек Баталовни палата президиуми раиси этиб сайлади. Учрашув “Атамекен” Миллий тадбиркорлар палатасининг Facebook’даги саҳифасида трансляция қилинган.
“Атамекен” Миллий тадбиркорлар палатасининг президиуми раиси умумий овоз бериш йўли билан сайланган. Баталов номзоди қурултой делегатларининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланган. Баталов Қозоғистон тадбиркорлари форуми раиси ҳам ҳисобланади.
Антикоррупция Назарбоевлар оиласининг офшорларини текшириши мумкин, лекин...
Қозоғистоннинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мамлакатнинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев оиласининг офшордаги ҳисобларини фақат қонуний асослар мавжуд бўлганда текширишга ҳақли. Бу ҳақда агентлик директори Марат Аҳмаджонов парламент Мажлисининг ялпи йиғилишида маълум қилди.
У Мажлисда ноқонуний олиб қўйилган маблағларни қайтариш йўллари ҳақида гапирди. Йиғилганлардан бири Аҳмаджоновга Назарбоевлар оиласининг чет элга пул маблағларини ноқонуний олиб чиқиб кетгани ҳақидаги хабарлар текшириладими ёки йўқми, деган саволни берди.
LiveБарчаси