Ҳайдовчи аёллар: Саудия Арабистонида 30 иш ўрнига 28 минг киши ариза топширди
Олам
−
18 Февраль 2022
10096Саудия Арабистонида мамлакат тарихида биринчи бор 30 нафар аёлни машинист сифатида ишга олиш бўйича эълон берилди. Ишга кириш учун 28 мингдан ортиқ талабнома келиб тушди. Бу ҳақда Макка ва Мадина ўртасида тезюрар поездлар ҳаракати учун масъул бўлган Испаниянинг Renfe темир йўл компанияси маълум қилди.
Компания бир ой ичида жуда кўп аризаларни қабул қилган. Ўқув фаолияти ва инглиз тилини билиши баҳоланган онлайн тест синовларидан сўнг номзодлар сони икки баробарга камайтирилиб, 14 минг кишини ташкил этган.
Март ойининг ўрталарига қадар компания 30 нафар номзодни танлайди. Бир йиллик тренингдан сўнг аёллар Макка ва Мадина ўртасида ҳар йили миллионлаб мусулмон зиёратчилар саёҳат қиладиган поездларни бошқаради.
Маълумот ўрнида, яқин вақтгача саудиялик аёллар ўқитувчи ёки тиббиёт ходими бўлиб ишлаши мумкин эди. Сўнгги йилларда ҳукумат қатор ислоҳотларни амалга оширди, бунинг натижасида 2020 йил охирига келиб мамлакатдаги барча меҳнаткашлар орасида аёллар салмоғи 33 фоизгача ошди. Шунга қарамай, эркаклар, айниқса, давлат секторида кўп лавозимларни эгаллаб туради.
Сўнгги йилларда Саудия Арабистони аёлларга машина ҳайдаш, эркаклар рухсатисиз хорижга саёҳат қилиш, футбол ўйинларига бориш, армияда хизмат қилиш имконини берди. Катта ижтимоий ислоҳотларга қарамай, Саудия аёллари эркак васийнинг рухсатисиз турмушга чиқа олмайди, қамоқдан чиқа олмайди ва муайян тиббий хизматлардан фойдалана олмайди.
LiveБарчаси